Таълим тизими янги ислоҳотларга юз тутмоқда

08.04.2022 10:04:30

Сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим соҳаси бўйича кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Ушбу ўзгаришлар самарадорлиги натижасида кўплаб боғчалар, янги мактаблар, техникум ва коллежлар, олий таълим муассасалари барпо этилди, ёки қайтадан таъмирланди. Ўқув масканларининг моддий техника базасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, таълим олувчилар энг сўнгги ва замонавий ўқув хона ва жиҳозлари билан таъминланди.

Яқинда мамлакатимиз раҳбарининг Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида таълимни тубдан ислоҳ қилиб, ўқитиш тизимини янги методика асосида қайтадан шакллантириш бўйича берган вазифалари ушбу соҳада туб ўзгаришларни яратади. Хусусан, мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича янги концепция ишлаб чиқиш вазифаси қўйилгани, ўқувчи сони кўп бўлган мактабларда шароитни кенгайтириш, директорларни сертификатлаш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилгани алоҳида диққатга сазовор. Бу борада мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланиши эълон қилинганини таъкидлаб ўтиш муҳим. Шу негизда педагогларни ўқитиш бўйича янги таълим марказлари ташкил этилиб, унга хориждан мутахассислар жалб этилиши ҳамда аниқ ва табиий фанларга алоҳида эътибор берилиши ушбу йўналишдаги устувор мақсадларнинг асосини белгилайди. Ишонаманки, хориждан жалб этилган мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобил гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида тренерлар гуруҳларининг шакллантирилиши мамлакатимиз таълим тизимини юқори босқичга кўтариб, ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқади. Фикримча, мазкур тренерлар жойларнинг ўзида ўқитувчиларнинг малакасини ошириб бориши қатор қулайликларни яратади. Шунингдек, видеоселекторда белгилаб берилган вазифалар ичида 1000 га яқин мактабларни жиҳозлаш ва таъмирлаш, айниқса, интернет тезлигини кескин суратларда ошириш бўйича кўрсатмалар берилганини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.

Умуман олганда, ушбу вазифаларни амалий ҳаётга жорий этиш жараёнларида ҳар биримиз фаол жонбозлик билан хизмат қилишимиз ислоҳотлар оқимининг узвий ривожланишини таъминлайди.

Дилдора Исломова,

                        Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутати,

         Шайхонтоҳур туманидаги 192 мактаб директори   

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+