Янгиликлар 1035
Таълим тизимига эътибор – жамият ривожланишининг асоси
Мамлакатимизда таълим соҳасида кун сайин янгиликлар, кўплаб ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Олий таълим муассасаларининг нуфузи ортиб, юртимизда хорижий университет ва институтларнинг филиаллари очилмоқда, шу билан биргаликда ёшларимиз хорижий давлатларнинг ўзида таълим олиш имкониятига ҳам эга бўлишмоқда.
Бундай амалий ишларнинг барчаси мамлакатимизда олий маълумотли бўлишни истовчи ёшлар сонини кўпайтириш, шу орқали таълим даражасини юқорироқ поғоналарга олиб чиқишдан иборат.
Бугунги кунда олий маълумотли бўлишни истаган абитуриентлар бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириш имкониятига эгадирлар. Агар ёшлар имтиҳон натижаси бўйича ўқишга кира олмаган бўлса, белгиланган миқдордаги контракт тўловларини тўлаб таълим олишлари мумкин.
Таълим тизимидаги бундай ислоҳотлар, юртимизда олий маълумотлилар сонини кўпайишига, давлатимизнинг нуфузини ошишига хизмат қилади.
Аммо, бугунги кунда олий таълим тизимида ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, коррупция, таълим сифати, мутахассислик фанлари бўйича фойдаланиладиган ўзбек тилидаги адабиётлар етарли эмаслиги ёки маълумотларнинг эскирганлиги ва ҳ.к.
Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, аксарият билимга чанқоқ ёшларимиз хорижий тилларини ўрганиб, қўшни давлатларга ўқиш ёки иш учун чиқиб кетишмоқда. Бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин?
Биринчи навбатда мамлакатимиздаги аксарият олий таълим муассасаларида олинадиган билим ва кўникмалар етарли эмаслиги;
Иккинчидан олий таълим муассасалари битирувчиларида иш топиш муаммоси ҳам мавжуд.
Учинчидан, мавжуд иш ўринларида ойлик маош камлиги.
Хорижда ўқиётган ёки ишлаётган ёшларимизнинг кўпчилиги ортга қайтишни хоҳлашмайди. Чунки, юқори маош ва яшаш учун қулай шарт-шароит уларни ўзига жалб қилади. Албатта, бу ҳолатдан энг кўп жабр кўрадиган бизнинг мамлакатимиз бўлиб қолади. Ваҳолонки билимли ёшларимиз ўз истеъдод ва билимларини хорижий юртларда амалиётда қўллашмоқда ҳамда уларнинг жамиятлари ривожи учун хизмат қилишмоқда.
Билимли, зукко ёшларимизнинг чет элларга чиқиб кетишларининг олдини олиш учун таълим тизимига эътиборни ҳозиргидан ҳам кўпроқ кучайтириш лозим. Мавжуд муаммоларни ўрганиб чиқиш, уларнинг ҳал қилиш чораларига масъулият билан ёндашиш ҳозирги замон талабига айланмоқда. Шунингдек битирувчиларни мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш ва ижтимоий таъминотини яхшилаш албатта жамиятимиз ривожи учун юқори даражада самара бериши шубҳасиздир.
Абдулазизхон Очилхонов
“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли
Фикрингизни қолдиринг