Янгиликлар 2032
Таълим ва илм-фан соҳаси ривожидаги устувор вазифалар белгилаб олинди
Жорий йилнинг 29 октябрь куни мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг “Илм-фанни 30 йилгача ривожлантириш косцепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Фармон билан илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизими жорий этилиб, илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳаларни амалга ошириш белгиланмоқда. Натижада бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли мониторинг қилиб бориш имконияти яратилади. Бугун илм-фан ва таълим соҳасида замонавий рақобат муҳитини ривожлантириш учун давлат ва нодавлат муассасалар фаолияти тенг ҳуқуқлилик асосида қўллаб қувватланади.
Барчамизга маълумки бугунги кунда иқтисодий ҳамда ижтимоий ривожланиш кўрсаткичлари юқори бўлган дунё мамлакатлари ўз вақтида мамлакат ёшларининг таълим-тарибияси ҳамда илим-фан ривожига давлат бюджетидан ялпи ички маҳсулотга нисбатан юқори даражадаги маблағларни ажратган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда давлат бюджетининг 60 фоиздан ортиқ маблағлари айнан ижтимоий соҳалар ривожига йўналтирилмоқда. Жумладан, таълим тизимига ажратилаётган маблағларнинг юртимиз ялпи ички маҳсулотидаги улиши ортиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон орқали 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш белгилаб берилмоқда. Бунинг натижасида қисқа фурсатда мамлакатимиз илм-фани соҳасига замонавий технологиларни жорий қилиш, ёш авлоднинг илмий-инновацион фаолият юритишини тўлақонли қўллаб-қувватлаш имконияти яратилади.
Шунингдек, илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёшини 2025 йилга қадар 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказиш, 2025 йилга қадар 39 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг умумий сонида юқори малакали илмий ходимларнинг (фан номзоди, фалсафа ва фан докторлари) улушини 2 бараварга, 2030 йилгача эса 3 бараварга ошириш белгилаб берилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз сайловолди дастурида мамлакат тараққиётини белгиловчи ягона омил таълимга инвестиция киритиш орқали халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминлаш, узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ғояларини илгари сурган. Партия мамлакатимиз рақобатдошлигини узоқ муддатда истиқболли таъминлашнинг муҳим омили сифатида мамлакат илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини ошириш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кенг эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада олимларни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш ғояларини илгари сурмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбари томонида илм-фан соҳаси ва илмий-тадқиқот ишларини келгуси 10 йилликда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва молиялаштириш манбаларининг мақсадли параметрларига эришиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилди. Галдаги вазифа эса биз депутатлар ва жамоатчилик вакиллари мазкур белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалиётга татбиқ этилишини таъминлашдан иборатдир.
Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг