Янгиликлар 943
Таълимга эътибор – Ўзбекистон тараққиётининг асосий омили
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз аҳолисининг сони бугун кунга келиб 36 млн.дан ошиб, аҳолининг жуда катта қисмини ёшлар ташкил этади. Президентимиз ўз маърузаларида аҳоли ҳар йили ўртача 900,000 га кўпайиб бораётганлиги, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон бўлиб етишишлари учун ҳукумат даражасида барча чоралар кўрилаётганлигига алоҳида урғу бериб ўтдилар.
Жумладан, ўтган олти йил давомида 500,000 нафар ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 млн. 300,000 нафарга етганлиги, ҳозирги кунда яна қўшимча 1 млн. 200,000 та ўқувчи ўрни яратиш устида жадал ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Президентимиз томонидан ушбу соҳада бошланган ислоҳотларни давом эттириш, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, таълим сифатни ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал қилишимиз, келгуси йил Давлат дастурига халқимиз кўтарган барча масалаларни аниқ ечимлари билан киритишимиз, ушбу жараёнларда депутат ва сенаторлар, маҳалла вакиллари, зиёлилар, ёшлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилигимиздан фаол бўлишларини, янги-янги таклиф ва ташаббуслар билдириш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳаларнинг муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис сўнгги йилларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқейини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Энди мамлакатимиз янги даврга қадам қўяётган айни вазиятда Мактабларни яхшилаш биргина Халқ таълими тизимининг вазифаси бўлмай, балки, юрт истиқболига бефарқ бўлмаган барча фуқароларнинг бурчи ҳамдир.
Бунда ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спорт ва санъат тўгаракларини фаоллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Партиянинг ушбу масалага доир лойиҳаларини янада жадаллаштириб, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз томонидан ўрганишларни кучайтиришимиз, қилинган ишларнинг натижаларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига олиб чиқишлари муҳим аҳамият касб этади.
Таълим сифатини ошириш, Ўзбекистон тараққиётининг асосий омили ҳисобланади. Шундай экан, мактаб ўқувчиларига таълим беришда биринчи навбатда сифатга алоҳида аҳамият беришимиз, бунда бевосита сенаторлар, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, шунингдек жамоатчилик назоратини ҳам кучайтириш даркор.
Сарвар Эргашев,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати бошқарма бошлиғи
Фикрингизни қолдиринг