Янгиликлар 1370
Тамакисиз келажак сари
Орамизда тамакига муккасидан кетганлар олдида бироз туриб қолсангиз, «ака, сигаретдан олинг», дейдиганлар топилади. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, улар учун вақт ва макон тушунчаси аҳамиятсиз. Ҳох кеча-кундузи бўлсин, ҳоҳ уй-кўча, ишхона бўлсин ўз эҳтиёжини тамаки билан қондириб юришади. Мамлакатимизда тамаки маҳсулотларини сотиш бўйича қоидалар қонун билан мустахкамлаб қўйилган. Аммо айрим «уддабурон» сотувчилар ўз манфаати йўлида қонунни четлаб ўтиб, хуфиёна тамаки сотишни касб қилиб олишган. Улар хатто, ёш болаларга тамаки сотишдан ҳам тийилишмайди. Шу зайлда кашандалар кўпаяди, эътиборлар сусаяди.
Ушбу муаммоларга ечим топиш мақсадида 25-26 март кунлари офлайн ва гибрид шаклида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун семинар-машғулот ўтказилди.
Семинар машғулот «Ибн Сино» жамоат фонди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг «Тамакисиз келажак сари!» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Аҳолининг соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллигини оширишни қўллаб-қувватлаш маркази ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Маълумки, 2021 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғрисида»ги янги Қонун қабул қилинди, айни пайтда ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига даҳл қилади, бу фарзандаларимиз ва ёшларимизни «инновацион» тамаки ва никотин маҳсулотларини истеъмол қилишдан сақлаш, аҳоли ўртасида тамаки махсулотлари истеъмол қилиниши даражасини камайтирииш, юқумли бўлмаган касалликлардан касалланиш ва бевақт ўлимни камайтириш, миллат генофондини ҳимоя қилиш имконини беради.
Семинар-машғулот давомида иштирокчилар Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар аҳолиси ўртасида тамаки истеъмол қилиш бўйича эпидемиологик вазият, жамоат жойларида тамаки истеъмол қилиш бўйича тамакига қарши қонунчилик қоидаларига риоя этилиши, тамаки маҳсулотларининг таълим муассасалари атрофида (камида 200 метр масофада) сотилиши, тамаки маҳсулотларини сотиш жойларида уларнинг рекламаси, сотувини рағбатлантириш ва хомийлик қилиш устидан жамаотчилик мониторинги натижалари, Ўзбекистоннинг амалдаги тамакига қарши қонунчилигининг кучли ва кучсиз томонлари, тамаки саноатининг анаъанавий тамаки маҳсулотларини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга жавобан стратегияси ва ҳатти-ҳаракатлари, Ўзбекистон аҳолиси ўртасида инновацион деб аталмиш янги тамаки ва никотин махсулотлари (қиздириладиган тамаки махсулотлари, электрон сигареталар, тамакили ва никотинли снюслар ва ҳ.к )ларни истеъмол қилишнинг шиддат билан ортиб бориши, Ўзбекистон Ҳукумати томонидан чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизматлар кўрсатиш объектларида тамаки маҳсулотларини сотиш соҳасида самарали жамоат назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
Семинарнинг амалий қисмида иштирокчилар ишончли ахборот манбаларини излаш, ишончли ахборот материалларини тайёрлашнинг аҳамияти, ОАВларда чоп этиладиган ёки намойиш этиладиган материалларнинг шакли, ОАВлар ва ижтимоий тармоқдардаги фейкларга қарши ҳаракат қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар-машғулот натижалари ОАВлар вакилларининг долзарб ахборот материалларини тайёрлаш ва чоп этиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга ҳамда Ўзбекистонда тамакига қарши самарали комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади.
Семинар-машғулотда мамлакатимизнинг барча минтақаларидан ва Тошкент шаҳридан 30 га яқин журналистлар, мухбирлар ва блогерлар иштирок этди.
Семинар-машғулот сўнгида журналистлар, мухбирлар ва блогерлар ўртасида ОАВлардаги энг яхши мақолалар ва кўрсатувлар туркуми учун танлов эълон қилинди. Танлов натижалари 2022 йил ноябрида эълон қилинади.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби.
Фикрингизни қолдиринг