Янгиликлар 1423
Танганинг икки томони
Ўзбекистон бугунги кунда адолатли, ҳуқуқий ва демократик жамият сари дадил одимламоқда. Албатта, шу йўналишга мувофиқ келадиган қонун ҳужжатлари яратилмоқда ва амалиётга киритилмоқда. Мана, яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиришлар киритиш масаласи муҳокама қилинди. Шу жараёнда мазкур Қонун мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, шахсий хавфсизлик ҳиссини шаклланишини мустаҳкамлайди, деб айтилди. Кўзланган мақсад жуда яхши, аммо...
Аввало шуни айтиш керакки, янги қоидаларнинг бир қисми Жиноят кодексига тегишли бўлиб, унда ҳокимият вакилига ва ўзининг фуқаровий бурчини бажараётган шахсга нисбатан қаршилик кўрсатиш учун жазо чораларини кучайтириш режалаштирилган. Шунингдек, Ички ишлар органлари ходимлари ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини ва хизмат бурчларини бажариш пайтида уларга қаршилик кўрсатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилди.
Кутилмаганда ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Янгиликнинг самарали бўлишига шубҳа билдирилмоқда. Мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатини суиистеъиол қилиш ҳоллари энди янада кучаяди, деб ҳам тахмин қилинмоқда.
Албатта, нега шундай ҳолат юз бермоқда, деган савол туғилади. Бизнингча, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ва қабул қилишда оддий бир қоидага риоя қилинмаган. Яъни халқ тили билан айтганда, “танганинг иккинчи томони” ҳисобга олинмаган. Ахир, кимларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш кўзда тутилмоқда? Улар ҳам ўзимизнинг ватандошлар-ку... Шундай экан, адолат ва ҳақиқат масаласи устувор бўлиши талаб этилади.
Бунинг ўрнига кўпроқ ҳуқуқ-тартибот ходимларининг профессионал даражасини ошириш тўғрисида қайғурилганида, яхши бўларди. Чунки улар билан аҳоли ўртасида юзага келадиган можароларда аксарият ҳолларда қонунларни яхши билмаслик, нотўғри талқин қилиниши панд беради. Демак, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари поймол қилинишига қарши талаблар ҳам жорий этилиши зарур. Қолаверса, барча аҳолининг (ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳам) ҳуқуқий маданиятини ва саводхонлигини шакллантиришга қаратилган ишлар мунтазам олиб борилиши керак. Шунда ҳар хил нохуш ҳолатларга чек қўйиш мумкин.
Айни вақтда кўпчиликнинг манфаатларига дахлдор, долзарб мавзулардаги қонун ҳужжатларини қабул қилишдан аввал уларнинг кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамасини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эгалигини унутмаслик даркор. Мазкур жараёнда билдириладиган ўринли таклиф ва мулоҳазалар эътибордан четда қолмаса, қонунларнинг халқчиллик даражаси янада ошади. Бу ҳақида тез-тез гапирилади, бироқ аксар ҳолларда “эсдан чиқарилади”. Оқибатда юқоридаги каби тушунмовчилик ва норозиликлар юзага келаверади.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг