Танлаган йўлимиздан қайтмаймиз

30.12.2020 18:12:38

Маълумки, куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқи ва Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимизнинг барча телеканаллари орқали тўғридан тўғри трансланция қилинди. Ишончим комилки, давлатимиз раҳбарининг ушбу Мурожаатномасини ўзини Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси учун дахлдор деб билган ҳар бир юртдошимиз бутун вужуди билан тинглади. Чунки Мурожаатномада якунига етаётган йилда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ва янги – 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар кўлами ҳамда аҳоли манфаатига монанд ғоялар илгари сурилди.

Президент Мурожаатномасини халқимиз бежиз илҳақ кутмаганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Мурожаатномада Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ўз аксини топганлиги партия аъзоларини бениҳоя хурсанд қилди.

Масалан, партия ўз Сайловолди дастурида давлат даромадига ундириладиган тўловларнинг бир қисми давлат бюджетига тушмаган ҳолда айрим давлат органларига йўналтирилаётгани, маблағдан мақсадсиз фойдаланиш ва ички коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлиши муаммосини кўтарган эди.  

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида Молия вазирлигига уч ой муддатда давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш масаласи ўз аксини топди.

Шунингдек, Мурожаатномада айрим юртдошларимизни қийнаб келаётган яна бир муаммонинг ечими кўрсатиб берилди. Энди узоқ йиллар сиз-у биз билан ёнма-ён яшаб, лекин айрим сабабларга кўра Ўзбекистон фуқаролигини ололмай, фуқаролиги йўқ шахс сифатида қайд этиб келинаётган ҳамюртларимиз юртимизга 2005 йилгача кўчиб келиб, мамлакатимизда доимий яшаётган бўлса, 2021 йилдан уларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролиги берилади. Келгусида, юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинадиган бўлди.

Мурожаатномада қайд этилган яна бир масала борки, унга алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Президентимиз ўз нутқларида таъкидлаб ўтганидек, инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш мақсадида, 25 та жазони ижро этиш манзил-колонияларини босқичма-босқич қисқартириш ҳамда биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олиниши белгиланмоқда. Натижада ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида ва энг муҳими оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.

Яна бир муҳим жиҳат, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилади. Оқибатда жазони ижро этиш муассасаси раҳбари ваколати қисқариб, коррупция ҳолатига барҳам берилиб, адолатли қарор қабул қилиш таъминланади.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва фақат олдинга қараб борамиз ҳамда янада катта сафарбарлик руҳида ишлаймиз.

 

Бахтиёр ИБРОҲИМОВ,
ҳуқуқшунос

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+