Янгиликлар 1664
Танлов ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан туманлардаги умумтаълим мактабларининг 6-11 синф ўқувчилари ўртасида “Биз коррупцияга қаршимиз!” шиори остида ўтказилган иншолар танловининг туман босқичи ниҳоясига етди. Туманлардаги умумтаълим мактабларида ўтказилган танловда ғолиблар аниқланиб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.
Вилоят туманларидаги умумтаълим мактаблар миқёсида бўлиб ўтган танловда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган танловнинг туман босқичида ўзларининг ижодий ишлари билан қатнашдилар. Хусусан, Музработ, Денов, Сариосиё, Олтинсой, Ангор, Қумқўрғон туманлари умумтаълим мактабларида ўтказилган иншолар танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди.
Шоҳруҳ Тоштемиров, партиянинг Денов туман Кенгаши раиси:
Дунёдаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган муаммолардан бири коррупциядир. Эътиборли жиҳати шундаки, жиноятнинг бу тури учун дунё бўйлаб жазо муқаррарлиги таъминланмоқда. Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир. Коррупцияга қарши кураш механизмини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш дунё миқёсида халқаро ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб турибди. коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Қонунда коррупция тушунчаси, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари, уларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатлари, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги кўрсатиб ўтилган. Шундай экан, ўзимизга хулоса қилишимиз, келажакни коррупциясиз биргаликда қуришимиз, бунинг учун аввало, ёшларимиз онгу шуурида коррупциянининг ҳар қандай кўринишига нафрат уйғотиш, бартараф қилиш учун биргаликда курашишимиз зарурдир. Мазкур танлов айниқса, таълим тизимида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Танловнинг туман босқичида ғолиб деб топилган ёшлар партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Сардорбек ҲАМРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мутахассиси
.
Фикрингизни қолдиринг