Янгиликлар 1858
Танқидий таҳлил - фаолиятимиз ривожига асос
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдаги – IV Пленуми бўлиб ўтди. Пленум ишида партиянинг туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик гуруҳлари томонидан 2020 йилнинг ўтган 9-ойи давомида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, 2020 йил якунига қадар мўлжалланган устувор мақсад-вазифалар ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Пленум кун тартибидаги асосий масала юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгнаши раиси Муҳиба Бобобекованинг ахбороти тингланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижобий ишларга партия ташкилотимиз ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. “Адолат ҳар бир инсон учун” деб номланган Сайловолди дастурининг устувор вазифаларини изчил амалга ошириш доирасида мамлакат сиёсий майдонида ташкилий-сиёсий позицияларини янада мустаҳкамлаш, омма орасида социал-демократик дунёқарашни, партия мафкурасини илгари суриш жараёнларида фаол иштирок этди. Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати раҳбарлигида, вилоят шаҳар ва туман Кенгашларида ижрочилик интизоми, ташкилотчилик борасидаги ишларни ташкил этиш тартиблари сифат жиҳатидан ортди. Ишларни ташкил этиш, партия кадрлари ва фаолларини ўқитиш тизимлилиги таъминланиб борилди, партия тарафдорларини сиёсий жиҳатдан тарғибот ишлари билан қамрови тизими такомиллаштирилди. Самарқанд вилоят Кенгаши Ижроия Қўмитаси, барча даражадаги партия Кенгашларининг эътибори ишлаб чиқариш жамоаларида ва аҳолининг яшаш жойига кўра партия таъсирини кенгайтириш, партия электорати манфаатларига доир масалаларни аниқлаш ва ҳал этишда партия тузилмаларининг депутатлик гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилди.
Айни пайтда “Адолат” СДПнинг Самарқанд вилоятида 2 та шаҳар, 14 та туман партия Кенгашлари фаолият олиб бориб, улар таркибида бошланғич партия ташкилотларининг сони 769 тани ташкил қилади. Ушбу бошланғич партия ташкилотлари ўз атрофига 54134 нафардан зиёд аъзони жамлаган бўлиб, уларнинг 23055 нафари хотин-қизлар, 11869 нафари ёшлардан иборатдир.
9 ой давомида асосан туман ва шахар Кенгашлари томонидан 50 та янги БПТлар ташкил этилиб, 6162 нафар фуқаролар партия сафига қабул қилинди.
Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 389 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Шундан 178 нафарини ёшлар, 211 нафарини аёллар ташкил этади. Шу билан бирга 17 нафар ёшга кредит олишига кўмаклашилди. Пастдарғом, Тайлоқ туманларининг фаоллик кўрсатаётганини эътироф этишимиз лозим. Баъзи туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ушбу лойиҳа бўйича ишлар етарлича ташкил қилинмаганлигини қайд этиб ўтиш керак.
Ҳисобот даврида Самарқанд вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан 74 та вилоят, 600 та туман ва шаҳар депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг 79% ижобий ҳал этилди.
Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари кўриб чиқиш учун сессияларга Самарқанд шаҳар Кенгаши томонидан 3 та, Тойлоқ, Пастдарғом, Нуробод, Қўшработ, Иштихон туман Кенгашлари томонидан 2 тадан, Ургут, Оқдарё, Булунғур, Жомбой ва Каттақўрғон туман ҳамда Каттақўрғон шаҳар Кенгашлари томонидан 1 тадан, жами 19 та масала киритилди. Натижада сессия ва доимий комиссияга киритилган масалалардан келиб чиқиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан масъул мансабдор шахсларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда Кенгаш томонидан қарорлар ижроси назоратга олиниши белгиланди. Ҳисобот даври давомида сессия кун тартибига масала киритишда сусткашликка йўл қўйган туман кенгашлари танқид остига олинди.
Хонбуви Хайитова, партиянинг Пастдарғом туман Кенгаши раиси:
– Ўзим раҳбарлик қилаётган партия ташкилоти мисолида айтадиган бўлсам, депутатлар, партия фаоллари, ёшлар ва аёллар қаноти томонидан жойларда салмоқли ишлар амалга оширилаяпти. Сиёсий куч атрофида бирлашган ҳар бир аъзо ўзининг фаоллигини намоён этаяпти. Мен ўйлайманки, қаерда маҳаллий кенгаш депутатлари фаолияти кўзга кўринмаётган бўлса, раҳбар ўзаро алоқани яхши йўлга қўймагани, етарли тарғибот қила олмагани учун. 4-чоракда депутатлар ҳамда партия ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалаларига бағишланган ўқув семинар ўтказиш таклифини бераман.
Пленумда партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари ишини кучайтириш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш ва тўлиқ таъминлаш, 2021 йилга “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси учун обуна қилиш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишга қаратилган ҳаётий таклифларни илгари суриш, бу борада қабул қилинган қонунлар, қарорлар, давлат дастурлари ижросини жойлардаги бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида ташаббускор бўлишга келишиб олдилар.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг