Янгиликлар 1931
Тараққиёт йўлидаги ғовга биргаликда курашамиз
Қадимдан маълумки, бутун инсоният ривожи давомида кўплаб синовларни бошидан ўтказди. Турли хил синовлар ҳам инсониятни четлаб ўтмади, лекин шуни ҳам айтиш жоизки, бундай синовларга бўйин эгмасдан матонат билан ўтиб келаётган жамият коррупция аталмиш жамият кушандасига ҳали ҳамон тобе бўлиб келмоқда. Бугунги кунда коррупцияни илдизи билан йўқ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар сони кундан кунга ортмоқда, бу қувонарли ҳол, албатта. Зероки, коррупцияга қарши курашиш бутун жамият ишидир.
Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Иштихон туман Кенгаши ташаббуси билан партия депутатлик гуруҳи аъзолари, фаоллари иштирокида коррупцияга қарши кураш ва унга барҳам бериш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда коррупцияга қарши курашишга барча бирдек масъул эканлиги таъкидланиб, бу борада партия ҳамда депутатлик гуруҳлари, фаоллари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар келишиб олинди. Кўплаб таклифлар ҳамда фикрлар баён этилди.
Мен ҳам партиянинг “Ёш адолатчилар” қанотининг фаол аъзоси сифатида давра суҳбатида иштирок этар эканман, жамиятда ёшлар фаоллигини ошириш, коррупциянинг келажаги бўлмаслигини ёшларнинг онгига чуқур сингдириш зарурлигини англаб етдим. Тадбир иштирокчилари томонидан ҳаётий мисоллар орқали ушбу иллатга қарши курашиш борасида айтилган фикр-мулоҳазалари эътибормини тортди. Мен хоҳлардимки, бу каби давра суҳбатлари, соҳа ходимлари билан мазмунли учрашувлар кўпроқ ташкил этилса, ёшлар кўпроқ жалб этилса, бировнинг ҳақидан ҳазар қиладиган, ҳалоллик вакцинаси билан эмланган ёш авлод билан мамлакатимиз келажаги бугунгиданда порлоқ бўлиши шубҳасиз.
Фарида САЛИМОВА,
Самарқанд давлат университети талабаси, партия фаоли
Фикрингизни қолдиринг