Янгиликлар 2385
Тараққиёт кушандаси
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг туб замирида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уни янги босқичга олиб чиқиш ётибди.
Бу борада юртимизда салмоқли ишлар амалга оширилиб, бу йўналишдаги ислоҳотлар янада изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, республикада коррупцияга қарши курашиш ва бу иллатни мамлакатнинг барча соҳа ва жабҳаларидан сиқиб чиқариш, юртни коррупциядан ҳоли давлатга айлантиришда мамлакатимиз раҳбари ва ташаббуслари билан улкан ишлар қилинмоқда. Ҳар бир соҳанинг энг аввало, қонунчилик базаси мустаҳкамлиги ҳамда унга оғишмай амал қилиниши мамлакатни жаҳон аренасида юксак поғоналарда туришига туртки бўлади.
Қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади. Айрим қонунлар ўз мазмун-моҳиятига кўра давлат ва жамият тақдири, халқ келажаги ҳар биримизга дахлдор бўлади. Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб, Президентимиз имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир.
Коррупция нима? Бу ҳақда ҳамманинг ўзига хос тасаввури, тушунчаси бор, албатта. Қонунда унга шундай таъриф берилган: “Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”..
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги – аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга қулай шароит яратади. Масалан, биргина одамларнинг турли-туман ҳашамларга берилиши коррупцияни келтириб чиқарувчи муҳим омил саналади. Муҳташам уй, данғиллама дала ҳовлига, энг сўнгги моделдаги автомашинага эга бўлиш, шов-шувли тўй, тантаналар қилишга интилиш қандай бўлмасин, ҳаётини ҳавф остига қўйиб бўлсада, бировдан пора олишга туртки бўлади.
Аҳоли иш ҳақи ва бошқа даромадларининг пастлиги ҳам коррупцияни келтириб чиқаруви омиллар сирасига киради. Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги биринчи навбатда аҳоли онгида ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида коррупцияга қулай шароит яратиб беришга хизмат қилиши табиий, албатта.
Барчамизга маълумки, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради. Агар қонун ҳаётда ишламаса, унинг бир неча варақ оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатларни амалда ишлаб кетишини кутиб ўтириш ва барчаси изга тушиб кетади деган ўй-хаёл билан яшаш бу катта хато бўлади.
Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш бизнинг кундалик ҳаётимизга айланса, биз ўз олдимизга қўйган мақсад, яъни давлатимизни буюк давлатга айлантира оламиз.
Зоҳиджон МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Нарпай туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг