Тараққиёт стратегияси - фаровонлик кафолати

12.01.2022 18:01:05

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. 

Мазкур Тараққиёт стратегияси лойиҳасида илгари сурилаётган «Инсон қадри учун» тамойили бугунги глобал тенденцияларнинг ўзаро уйғунлиги ҳамда кенг масштабли, юқори самарадорликнинг ифодаси ҳисобланади. Ушбу лойиҳа шарофати билан халқимиз бугун тарихий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқда.

Айни даврда кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган Тараққиёт стратегияси лойиҳаси келгусида хайрли ишларни изчил давом эттириш ва Ватанимиз тараққиётини юқори босқичга олиб чиқиш борасидаги муҳим таклиф ва ташаббусларни ўзида мужассам этган.

Собит қадамлар муқаррар тараққиётга элтади, қачонки у стратегик аҳамият касб этса. Биламизки, Янги Ўзбекистондаги кенг кўламлиси ҳаракатлар бундан 5 йил аввалги Ҳаракатлар стратегияси асосида бошланган эди. Бугун ушбу ислоҳотларга Тараққиёт стратегияси асос бўлмоқда.

Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси ва кўрсатмалари асосида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб таклифлар қабул қилинаётганлигидан яхши хабардормиз. Шунингдек, жойларда лойиҳа муҳокамаси юзасидан анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Мамлакатнинг яқин истиқболдаги тараққиётини аниқ белгилаб берувчи лойиҳада илк маротаба 7 йўналиш бўйича мамлакат тараққиётининг қарийб 100 та мақсадли кўрсаткичлари белгилаб олинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Тараққиёт стратегиясининг муҳим жиҳатларидан яна бири, унинг субъектив воқелик эмас, балки, айни пайтдаги объектив заруратдан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таҳлилий самарадорлигига кўра яратилганлигидир. 

Кейинги йилларда аҳолининг дарду ва ташвишларини тинглаш, улар билан тизимли ишлаш борасида «маҳаллабай», «фуқаробай» хонадонма-хонадон юриб, мулоқот қилиш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» рўйхатида турган аҳоли билан тизимли ишлаш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. 

Айниқса, ислоҳотлар натижасида маҳаллаларда иш олиб борувчи ҳоким ёрдамчиларига катта ваколатлар ва мажбуриятлар юкланмоқда. Дастурда барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз йўналиши бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши тартиби жорий этилиб, маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идора ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашда бош мезон сифатида белгиланмоқда.

Маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайтирилиб, ушбу мақсадда маҳалланинг алоҳида жамғармасини ташкил этиш амалиёти ва фуқаролар томонидан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш институти жорий этилиши белгиланган.

Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда янги бир тизим яратилмоқда. Айниқса, Давлатимиз Раҳбарининг алоҳида эътибори, ғамхўрлиги натижасида мамлакатимизда маҳалла институти халқчил тизим сифатида такомиллашади. Келгусида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар янада фаоллашиб, аҳолининг фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Рустам Ҳамроев,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+