Янгиликлар 1296
Тараққиёт стратегияси ижроси бўйича жамоатчилик гуруҳи иш бошлади
Наманган вилоятида нодавлат нотижорат ташкилотлар, экспертлар, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш вилоят Жамоатчилик гуруҳи ташкил этилди. Шу муносабат билан ўтказилган йиғилишда бажарилиши лозим бўлган асосий вазифалар белгилаб олинди. Жамоатчилик гуруҳи аъзолигига тавсия этилган номзодлар муҳокамадан ўтказилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, жамоатчилик гуруҳи Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларининг ҳудудда бажарилишини тизимли равишда мониторинг қилиш, натижаларини жамоатчилик эшитувлари орқали муҳокама қилиб бориш ҳамда уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш вилоят Жамоатчилик гуруҳи таркибида фаолият бошлаганлар орасидан “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев ҳам ўрин олган.
– Ҳар бир юртдошимиз беш йилга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатимизнинг истиқболдаги ривожланишини таъминлашда ўта муҳим аҳамиятга эга, - дейди у. - Белгиланган режаларнинг ўз вақтида ва мукаммал амалга ошириш пировард натижада халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Давлат дастурларининг бажарилишини мониторингини олиб бориш, ўрни келганда таклиф ва тавсиялар бериш орқали юқори самарадорликка эришиш мумкин. Бу ишга албатта, кенг жамоатчилик вакиллари, хусусан, партиямиз фаоллари ҳам муносиб ҳисса қўшадилар, албатта.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Адолат”СДП Наманган вилоят Кенгаши
матбуот котиби.
Фикрингизни қолдиринг