Янгиликлар 1526
Тараққиёт стратегияси лойиҳаси «адолатчи» ёшлар нигоҳида
Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.
«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан партия Марказий аппарати биносида мазкур лойиҳа юзасидан партиянинг «Ёш адолатчилар қаноти» ҳамда партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти«га сайланган фаол ёшлар иштирокида онлайн платформадаги учрашув ташкил этилди.
Учрашувда барча ҳудудлардан, хусусан, Тошкент шаҳридан фаол ёшлар иштирок этиб, ўз таклиф, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Мазкур таклифлардан бугунги куннинг долзарб муаммолари, кўпчиликни қийнаётган масалалар ўрин олганлигини ҳамда ушбу муаммоларга ёшлар томонидан самарали ечимлар билдирилганлигини алоҳида айтиб ўтиш лозим.
Шунингдек, тадбирда «Адолат» СДПнинг ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқилган ҳолда, лойиҳадаги муҳим жиҳатларга эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятини янада кучайтириш масаласи долзарблигига урғу берилди. Электрон парламентнинг шакллантирилиши депутатлар ва халқни бевосита боғлайдиган кўприк бўлишига ишонч билдирилди. Лойиҳанинг пировард натижада инсон қадрининг юксалишига хизмат қилиши белгиланганлиги эътироф этилди. Рақамли технологияларни ҳар бир соҳага кенг татбиқ этилишининг узвий давом эттирилиши, жамият ҳаётида маҳалла институтининг ролини янада ошириш масалаларини белгиланганлиги иштирокчилар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, олий таълимга квоталар сонини босқичма босқич ошириб бориш, 2026 йилга қадар 38 % гача кўтариш мақсад қилингани ёшлар томонидан қувонч билан қарши олинди.
Ҳудудлардан келиб тушган таклифларда бошланғич синф ўқувчиларини бепул озиқ-овқат билан таъминлаш ҳамда уларнинг аксарияти тиш касалликларидан азият чекаётганлиги боис стоматологик ёрдамлар билан кенг қамраб олиш, йўл ҳаракати билан боғлиқ муаммоларга ечим излашга бўлган таклифлар айтиб ўтилди.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг