Янгиликлар 1314
Тараққиёт стратегияси лойиҳаси-аёллар нигоҳида
«Адолат» СДП Жарқўрғон туман «Аёллар қаноти» Кенгаши томонидан тумандаги «Жарқўрғон минораси» маҳалла фуқаролар йиғинида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида Президентимизнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони ва «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» да амалга оширилиши кўзда тутилган ислоҳотлар юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда етти йўналишдан иборат Тараққиёт стратегиясининг барча йўналишлари аҳоли фаровонлиги, инсон қадрини улуғлаш ғояси мужассам эканлиги алоҳида таъкидланиб, Тараққиёт стратегиясида келгуси беш йилликдаги барча соҳаларни янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат борасида қатор янги марраларни забт этиш кўзда тутилганлиги қайд этилди.
Тадбирда Тараққиёт стратегияси лойиҳасида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 марта камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланганлиги айтиб ўтилди.
Қизларшой Раҳматова, партиянинг Жарқўрғон туман «Аёллар қаноти» Кенгаши раиси:
-Фармоннинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, келгуси 5 йилликка мўлжалланган стратегияда биринчи ўринга шахс, инсон қадри юқори ўринга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, амалий натижа, инсон манфаати, унинг қадр-қиммати бош мақсадга айланган.
Қолаверса, Фармонда келгуси беш йил учун устувор йўналишлар белгилаб берилар экан, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият эканлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёни изчил давом этиб, улар сермаҳсул бўлишидан бутун халқимиз манфаатдор. Бир сўз билан айтганда, «Инсон қадри учун» тамойили асосида Тараққиёт стратегияси дастури бўйича олиб борилаётган фаолият халқимизга эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, тадбир давомида «Аёллар дафтари» бўйича маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар билан ишлашнинг аҳволи ва муаммоларига ечим топиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди ва Тараққиёт стратегияси лойиҳасига партиянинг йўналиши ва ғояларидан келиб чиқиб, аввало аҳоли ва партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган бир қатор таклифлар билдирилди.
Дилафрўз Раҳматова,
«Адолат»СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши
мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг