Тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади

24.12.2022 07:12:33

2022 йил 20 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида илгари сурилган қатор долзарб масалалар халқчиллиги ва бугун фуқароларимизнинг дилидаги таклиф ва ташаббусларига ҳамоҳанглиги, чуқур таҳлиллар асосида узоқни кўзалаб ишлаб чиқилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада биз ҳар куни юртдошларимиздан эшитаётган, халқимизнинг дилидаги ва тилидаги гаплар янгради.

Айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида бир қанча давлат ва жамият ривожига, аҳоли фаровонлигига дахлдор вазифаларни ўртага ташлар экан, халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳам кенг урғу бердилар. Аҳамиятлиси, бу борада фуқароларимизга аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгилаш, ажратилаётган маблағларнинг ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш ва уни янада жадаллаштиришни таъкидлаб ўтдилар. Қувонарлиси, келгуси йилда айни масалада Тошкент шаҳри мисолида қатор амалий ишлар амалга оширилиб, кенг истиқболда бундай ижобий ташаббус босқичма-босқич мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиниши белгиланди.

Шу ўринда, бугун илгари сурилаётган эзгу ташаббуслар ва ўтган даврда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилган эътибор, айни йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда аҳоли саломатлиги энг муҳим масалага айланиб бораётганлигининг ёрқин намунаси бўлмоқда десак, янглишмаган бўламиз.

Биргина мисол сифатида ўтган даврда мамлакатимизда пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилганлигини ва қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилганлигини келтириб ўтиш лозим. Эътиборлиси, мазкур жараёнда мамлакатимиздаги тиббиёт муассасалари зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди. Шунингдек пандемияга қарши курашиш ва аҳоли саломатлигини асраш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.

Қолаверса, ўтган қисқа даврда мамлакатимизда тиббиётимизнинг турли соҳалари қаторида онкологик касалликларни олдини олиш, касалликни илк босқичларида аниқлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган бир қанча ижобий ишлар қилинди. Шунингдек, айрим юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини, жумладан, аёллар репродуктив системаси онкологик касалликлари ҳамда буйрак ва ичаклардаги ўсма касалликларида лапароскопик амалиётларини бажариш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, кўплаб соҳа ходимлари чет давлатларга бориб, тиббий малакасини ошириб келишига имконият яратилди.

Шуни ҳам айтиш ўринлики, Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида келтирилган қатор халқчил ташаббуслар бизнинг Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиямизнинг дастурий-мақсадларига ҳам ҳамоҳанглик касб этади. Жумладан, партиямиз дастурида ҳам тиббиёт соҳамизни ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш, бу борада «Ақлли тиббиёт» тизимини шакллантириш, соҳага замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ушбу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилишга доир қатор масалалар белгиланган.

Партиямиз ўтган давридаги фаолиятида юртимизда тиббий хизмат сифатини такомиллаштиришга доир қатор самарали ташаббусларни илгари суриб, бир қанча ижобий ишларни амалга ошириб келмоқда. Биргина мисол, партиямиз томонидан мамлакатимизда тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган беғараз донорлик акциялари доимий равишда ташкил этиб келмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 1 июнь куни «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида навбатдаги беғараз донорлик акцияси ўтказилиб, унда Республикамизнинг барча ҳудудларидан 3345 та кўнгиллилар қатнашди ва 1170,75 литр донорлик қони йиғилишига эришилди.

Энди, ўтган даврни сарҳисоб қилсак, эътиборга лойиқ ижобий ишлар талайгина аммо танқид тараққиётнинг бош омили деганларидек, ҳали ушбу йўналишда қилиниши керак бўлган, ўз ечимини кутиб турган масалалар ҳам бор. Зеро инсон қадри, фуқаролар розилиги йўлида бошланган кенг кўламли ислоҳотларимизда аҳоли саломатлиги бирламчи масаладир.

Бу борада Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаларида айни давр учун жудаям муҳим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилдики, бу албатта, келгуси истиқболда ўзининг мисли кўрилмаган ижобий натижасини кўрсатади.

Хусусан, келгуси йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллаларда ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилиши белгиланди.

Шу билан бирга, келгусида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади. Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.

Яна шуни ҳам айтиш ўринлики, бугун биз Президентимиз бошчилигида ўз олдимизга каттадан катта режаларни, инсон қадри йўлидаги улуғвор мақсадларни қўймоқдамиз. Бундай эзгу ташаббуслар зиммамизга улкан масъулиятни юклаш баробарида, уларни амалга ошириш учун, ҳар биримиздан креатив ёндашувлар, илғор инновациялар, фаол ташаббуслар ва юрт равнақи учун, юртдошларимиз учун дахлдорликни теран ҳис қилиб, машаққатли ва ўз ўрнида шарафли меҳнат фаолиятини олиб бормоғимиз талаб этилади. Зотан, Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганларидек, «Тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади».

Муродилжон МАХМУДОВ,

Партия Марказий аппарати бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+