Тарбия ва таълим тизимини такомиллаштиришда япон тажрибаси

21.09.2021 19:09:10

Мамлакатимизда тарбия, таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказиш бўйича босқичма-босқич мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилмоқда.

Кейинги йилларда соҳага оид қабул қилинган қатор давлат дастурларига биноан кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланиб, дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикалари ўрганилиб таълим-тарбия жараёнига ҳам янгича ёндашув, инновацион технологиялар татбиқ қилинмоқда.

Бу янги методикаларни самарали йўлга қўйиш учун барча мактаб ўқитувчилари хорижий мутахассислар иштирокида ўқитилмоқда. Аҳамиятлиси, бу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам жалб қилиниб, педагог кадрлар тайёрлаш методикаси ҳам янгиланмоқда.

Энг муҳими бугунги кунда энг энг катта эътибор бошланғич таълимга, қишлоқ жойларда ҳам мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, зарур инвентар, жиҳозлар, ўқув-методик қўлланма ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга, боғча болаларини тарбиялаш, ўқитиш жараёнларига ҳам замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, болаларни интеллектуал, аҳлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун барча шарт-шароитни яратишга қаратилмоқда. Бунинг натижасида боғчаларга болалар қамрови бугунги кунда 60 фоиздан ошди.

Таълим тизимидаги жадал ислоҳотларга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси тасдиқланиб, унда халқ таълими тизимнинг узоқ муддатли ривожланишининг асосий йўналишларини белгилаб берилгани асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Концепцияда узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш, халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш, ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига давлат таълим тизимида рақобат муҳитини кенгайтиришга қаратилган ўта муҳим йўналишлар белгиланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари Президентимизнинг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида юртимизда фан олимпиадаларининг янги тизими жорий этилди, десак муболаға бўлмайди. Бунинг натижасида мамлакатимиз ўқувчиларининг халқаро фан олимпиадаларида иштироки ва нуфузли ўринларни эгаллашдаги сони сезиларли даражада ошгани қувонарли, албатта.

Шу билан биргаликда таълим тизимига оид қонунчиликни такомиллаштиришда, мактаб ёшидаги болаларга замон талабларига мос равишда, илғор ҳорижий тажрибалардан фойдаланган ҳолда таълим-тарбия беришда, таълим сифатини таъминлашда, таълим жараёнларида ўқувчиларга эркинлик бериш, уларнинг мустақил ишлашларига имконият яратишда бир қатор кечиктириб бўлмайдиган вазифалар олдимизда турибди.

Хусусан, бугунги кунда давлат таълим хизматларини кўрсатиш ишларни ташкил этиш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси пастлиги қабул қилинаётган қарорларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш имконини бермаяпти, шунингдек, таълим тизимида ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг лозим даражада ривожланмаганлиги тадбиркорлик субъектларининг таълим соҳасидаги муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини чекламоқда, айрим мактабларда ўқувчилар сони синфда ўқув жараёни сифатининг кескин пасайишига олиб келадиган даражада ошиб кетганлиги ҳолатлари, таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш ва ўқув жараёнида турли шаклдаги коррупция элементларига тўлиқ барҳам бериш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш ва ўқувчиларда таълим олишга кучли мотивацияни шакллантириш ҳам давр талаби бўлиб қолмоқда.

Хўш, тарбия, таълим борасида жаҳон мамлакатлари тажрибаси қандай, дунёнинг қайси давлатида тарбия, таълим ишлари мукаммал ишлаб чиқилган, тизимнинг ҳуқуқий асослари қай даражада шакллангани кўпчилликни қизиқтириши табиий албатта.

Бу борада мисол тариқасида Япония таълим тизими, улардаги тарбия жараёнлари, таълимнинг ҳуқуқий асослари, таълим таркибига эътибор қаратсак, уларда айнан таълим тизимини ислоҳ қилиш орқали кўплаб ютуқларга эришилганини кўришимиз мумкин.

Таъкидлаш жоиз Японияда ҳам биздаги каби барча болалар бепул умумий таълим олишлари шарт эканлиги белгилаб қўйилган. Япон таълим тизимининг таркибига қарайдиган бўлсак уларда  боғча, бошланғич мактаб, кичик ўрта мактаб, юқори ўрта мактаб, олий таълим тизимларига кирувчи ўқув юртлари мавжуд.

Японияда бола тарбиясига ўта маъсулият билан ёндошилади ва мактабгача таълим тизимига катта эътибор билан қарашади ва маълумотларга кўра япониялик болаларнинг 99 фоизи мактабгача таълим тизими хизматидан фойдаланади.

Эътиборли жиҳати японлар боланинг аввало хулқ-атвори, муомала маданияти ривожланган бўлиши керак деб ҳисоблашади ва асосий эътибор болалар тарбиясига қаратилади, яъни ўқувчилар аввало бошқаларни ҳурмат қилишни ва ҳайвонларга нисбатан меҳрибон бўлиши, олижанобликни, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўрганиши керак, деб ҳисоблашади.

Ўқитиш жараёнида эса аксарият ҳолларда болага дарсликни ёдлатиш эмас балки ўйин усулидан фойдаланган ҳолда муаммоларни муҳокама қилиш ва бир-бирларига ўргатиш усулидан фойдаланишади. Натижа эса муҳокамалар ва бир-бирларига ўргатиш усулидан фойдаланганда бола 90 фоизгача, агар ўқитувчилар фақат маъруза тарзида ўқитишса 40 фоизгача маълумотни эслаб қолиши аниқланган.

Яна бир эътиборли томони японияда математика машғулотларига бошқа фанларга нисбатан кўпроқ вақт ажратилади. Бунинг натижасида япон болалари ёшлигиданоқ ҳисоб-китобга анча устамон бўлиши билан ажралиб туришади. Японияда ҳам биздаги каби мактаб ўқувчиларининг кўпчилиги мактабдан кейин турли хил машғулотларга қатнайди ва билимини, салоҳиятини яна ошишига эришади.

Яна бир жиҳат япон мактабларида фаррош умуман бўлмайди. Ҳар бир синф ўқувчилари навбати билан синфхоналарни, йўлакларни ва ҳаттоки ҳожатхоналарни тозалайди. Бу эса меҳнатга ўрганишга кўникма ҳосил қилиши ва ўз меҳнатини қадрлашга хизмат қилади, албатта. Бу тажриба бизда ҳам қисман бор эди, яъни юқори синф ўқувчилари дарс тугаши билан навбати билан ўзларининг синфхоналарини тозалашар эди.

Тарбияга, таълимга бу қадар эътибор билан, катта маъсулият билан ёндашув японияга нима берди деган саволга менимча жавоб барчада мавжуд, яъни аниқроқ айтадиган бўлсак таълим соҳасидаги бу ислоҳотлар  Япония иқтисодиётини тез суръатларда ривожланишига, айниқса иккинчи жаҳон урушида мағлуб бўлиб чиқишига қарамай, иқтисодий тизим мутлақо издан чиққан бир даврда  тарбия ва таълим соҳасидаги қаттиқ интизом туфайли тез суръатларда иқтисодиёти энг ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олишларига имконият яратди, десак тўғри бўлади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, тарбия ва таълим соҳасидаги жадал ислоҳотларни давом эттирган ҳолда аввало фарзандларимизга тўғрилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, ватанпарлик каби миллий туйғуларни шакллантиришга қаратилган тарбия бериш ва замон талабларига мос равишда, илғор ҳорижий тажрибалардан кенг фойдаланган ҳолда таълим бериш тизимини яратиш, таълим жараёнларида ўқувчиларга кўпроқ эркинлик бериш, уларнинг мустақил ишлашларига имконият яратишнинг аниқ керак бўлса содда тизимини ишлаб чиқиш орқали мустақил фикрлайдиган, тўғрисўз ва албатта билимли, ватан равнақи учун хизмат қилишга тайёр, мард фарзандларни тарбиялашга эришамиз.

Абдуғани УМИРОВ,            

              Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+