Янгиликлар 668
Тарқоқ ҳолда бўлган қонунчилик ҳужжатлари ягона ҳужжатга бирлаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида партия сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, таҳлилий ёндашишди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлик, тадбиркорлик эркинлиги, субъектлар тенглиги, ҳалол рақобат, виждонлилик презумпцияси, коррупциядан холилик каби асосий принциплари мустаҳкамланяпти. Тадбиркорлик субъектлари эса кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда.
Шунингдек, тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ва тартибга солиш шакллари ҳужжат лойиҳасида ўз аксини топмоқда. Қолаверса, 39 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 17 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур кодексга илова сифатида тасдиқланиб, рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши таклиф этиляпти.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасидаги айрим моддалар бўйича бир қатор саволлар кўтарилди. Хусусан, депутат Таваккал Чориев лойиҳанинг 28-моддасидаги қўшма корхоналар ташкил этиш тўғрисидаги норма нима учун чиқариб ташланаётгани сабаблари билан қизиқди.
Қонун ташаббускорлари ушбу масала юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.
Депутат Абдиғани Умиров мазкур лойиҳа юзасидан ўз фикрларини билдирар экан, ушбу ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан муайян ишлар амалга оширилганини айтиб, лойиҳага киритилган ўзгаришлар тўғрисида тўхталди.
Маълум қилинганидек, ўтган даврда Кодекс лойиҳасидаги боблар номланиши, жойлашуви улардаги моддалар мазмуни ва қонунчилик техникаси талабларидан келиб чиқиб, ундаги айрим боблар чиқариб ташланмоқда. Айрим бобларнинг номланиши эса ўзгартирилди.
Мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.
Фикрингизни қолдиринг