Янгиликлар 1293
Ташаббуслар ёшлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди
Марғилон Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев билан бўлиб ўтган учрашувда иштирокчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этди. Ишончли вакил номзод Сайловолди дастурида кўзда тутилган ёшларга оид масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
-Таълим ва тарбия тизимини ривожланган ва Шарқ маданиятига мос келадиган илғор тажриба ва миллий қадриятлар, диний ақидалар асосида умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратамиз, – дейди “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев. – Умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қиламиз. Марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз.
Ишончли вакилнинг Сайловолди дастурида кўзда тутилган ташаббуслар ёшлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Маҳлиё Абдуолимова, Нигора Кенжаева олий таълимга квоталарни босқичма-босқич камайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг амалга ошириш механизмлари, номзоднинг Сайловолди дастурида иқтисодиётни ривожлантириш бўйича илгари сурилган ғоялар ҳусусидаги саволларига жавоб олдилар.
-Ҳар бир йигит-қиз таълим олишни истайди. Фақат кимдадир имконият йўқ холос, – дейди Нигора Олимова. – Бугун тенгдошларимга яратиб берилиши кўзда тутилган таклифларни эшитиб хурсанд бўлдим. Таклифлар бир кун амалий кучга эга бўлади. Зиёли ёшлар кўпайса, салоҳиятли кадрлар сони ортади. Рақобат муҳити яратилади.
Учрашувда халқаро кузатувчилар иштирок этди.
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг