Ташкилотларнинг бюджетдан ташқари турли жамғарма ва фондлари керакми?

14.12.2020 17:12:48

Бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси баёноти эълон қилинди.

Унга кўра вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларига турли хил корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланган.

Шу билан бирга, ресторан, кафе, чойхона ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида карантин чекловларига (мижозларни жойлаштиришда ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобдан фойдаланиш, 30 кишидан ошмаган ҳолда тўй ва оилавий маросимларни ўтказиш, шунингдек, дезинфекция ишларини амалга ошириш) қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича масъул идораларга тегишли топшириқ берилди.

Демак турли вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларининг ҳодимлари учун байрам тадбирларини “тор доирада” ўтказиш имконияти мавжуд. Бир қарашда бунинг нимаси ёмон? Жамоа вакиллари биргаликда байрам қилиш ҳамда дам олиш хуқуқига эга. Аммо, ушбу жамоанинг вакилари ўз ҳисобидан барам тадбирларини келишган ҳолда ўтказсагина бу ҳол ўринли бўлади.

Турли ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғарма ва фондлари мавжуд экан, улардаги маблағларнинг сарфланиши юзасидан аниқ бир фикр билдириб бўлмайди. Ташкилотнинг маълум бир “қатлами” учун мана шу жамғарма ва фондлардан “байрам тадбирини ўтказиш учун” деб маблағларнинг сарфланиши назоратини ким олиб боради? Бу бюджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши ғазначилик орқали молиялаштирилмагани ва назорат қилинмаганидан сўнг турли суистеъмолчиликлар келтириб чиқармаслигига ким кафил бўла олади? Байрам тадбирлари тугагач, маълум вақт ўтиб назорат функциясига эга бўлган органларнинг вакиллари текширув ёки ўрганиш мақсадида келганида, ташкилотнинг раҳбарияти томонидан “бу унчалик аҳамиятга эмас” дея масалани енгил “ёпиб” юбормаслигига ким ишонади?

Бу мисол билан нафақат байрам тадбирлари, балки бошқа ҳаражатларни амалга оширишда ҳам бюджетдан ташқари фонд ва жамғармалардаги маблағларнинг сарфланиши фақатгина шу ташкилотнинг маъсул раҳбарларининг назоратида ва жавобгарлигида эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Айниқса, бюджетдан молиялаштириладиган вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларнинг шундай жамғарма фондларининг мавжудлиги улардаги маблағларнинг шаклланишида ва сарфланишида турли коррупцион омилларни вужудга келтириши мумкин. Ижтимоий тармоқларда эса бундай холатларга, бюджетдан молиялаштирилган ҳолда бюджетдан ташқари маблағларни катта миқдорда сарфлаш каби кўплаб мисолларни кўришимиз мумкин.

Бундай бюджетдан ташқари фонд ва жамғармаларнинг ташкил қилиниши ҳамда уларда маблағларнинг жамланиши устидан назорат қилиш учун янги бир тизимни тузгандан кўра барча тушумларни Давлат бюджетига йўналтириш, керакли миқдордаги маблағларни талабнома асосида ажратиш ва ажратилган маблағларнинг сарфланишини Молия вазирлиги, Ғазначилик, Ҳисоб палатаси орқали назорат қилиш ўринли бўлади, деб ҳисоблаймиз.

“Адолат” СДПнинг сайловолоди дастурида ҳам 2020 йилга белгиланган иш-режасида ҳам, партиянинг лойиҳаларида ҳам ушбу масалалар, яъни коррупцион омилларни йўқотиш ва бюджетдан ташқари турли фонд ва жамғармаларга тушумларни давлат бюджетига ўтказиш масалалари кўтарилган ва мунтазам равишда амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш ҳақида таклифлар бериб борилмоқда.

 

“Адолат” СДП

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+