Янгиликлар 748
Телефоннинг «асири»га айланманг
Кун муаммоси
Ҳаммамиз ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асарини ўқиганмиз. Асар қаҳрамони Ҳошимжон топиб олган сеҳрли қалпоқча ҳақида ҳам биламиз. Бугун деярли ҳамма фойдаланаётган интернет тармоқлари гўё ана шу сеҳрли қалпоққа ўхшайди. Ҳамманинг қўлида телефон. Фикри, зикри, эътибори ана шу матоҳда. Бу, албатта яхши. Бироқ баъзида унинг «асири»га айланиб қолаётганимиз ёмон.
Интернет кейинги пайтларда жозибадорликда ҳатто телевидение, радио ва бошқа ахборот воситаларини ортда қолдираётгани табиий. Уйдан чиқмай яқинлар ҳолидан хабар олиш, таниш-билишлар билан мулоқот қилиш, ўқиш, ўрганиш, фикр алмашиш асносида ҳам вақт, ҳам нақтдан ютиш имконини бераётган бўлсада, бироқ юзма-юз кўришишдаги меҳр, қўлга китоб олиб мутолаа қилиш завқини ўрнини босмаётгани аниқ. Инсонлар реал ҳаётдан узилиб, техника оламига сингиб кетишаётгандай.
Танишим Маъруф жуда зийрак бола. Компьютерни у ёғидан кириб бу ёғидан чиқади. Турли танловлар, имтиҳонларда онлайн қатнашади. Рус, инглиз тили каби бир нечта тилларни интернет орқали ўрганган. У мактабни тамомламай туриб бир 20 га яқин олий ўқув юртларида таҳсил олиш имконини қўлга киритди.
Озодани анчадан буён биламан. Одоб-ахлоғи атрофдагиларга намуна. Дунёқарашининг кенглиги, фикрларининг теранлиги унинг кўп китоб ўқиганидан дарак. Аълочи, ташаббускор талаба сифатида институтда кўзга кўринган. Бироқ яқиндан буён унинг юриш-туриши ўзгариб қолганини сездим. Ўқиши ҳам пастлаб кетган, дарсларни кўп қолдирадиган бўлиб қолган. Эшитишимга қараганда ижтимоий тармоқлардаги «фаоллиги» шу каби муаммоларни келтириб чиқарибди.
Даврон ака узоқ йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланади. Изланувчанлиги, савдо соҳасини юксак даражада ўзлаштиргани боис иқтисодий ривожланиб бормоқда. Дўконлари кўп, даромади ҳам шунга яраша. Қийналган инсонларга кўмак беради, қўллаб-қувватлайди. Қишлоғида обрўси бор. Бироқ унинг ўғли Дониёр отасининг йиллар давомида йиққан-терганларини бир лаҳзада кўкка совурди. Қандайдир ўйин орқали топганларини бой берди.
Интернет кўплаб фойдали жиҳатлари билан бирга салбий оқибатларини ҳам намоён қилмоқдаки, аҳолида айниқса, ёшларда ахборот истеъмоли маданиятининг сустлиги, турли хабарлар оқимидан кераклигини ажратиб олишда билимининг етишмаслиги баъзиларни интернет қарамлигига олиб келмоқда. Бу глобал тармоқ натижасида юзага келган энг катта муаммодир.
Бугунги кун техника асри, чексиз имкониятлар даври. Бу имкониятлардан деярли дунё аҳолиси фойдаланаётгани аниқ. Фактларга юзланадиган бўлсак, биргина Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22,1 миллиондан ошди. Шундан мобил интернет фойдаланувчилар 19 миллионни ташкил этмоқда. Ўзим ҳам ўша интернет фойдаланувчилари қаторидаман. Кузатганларим тенгдошларимиз ҳаётидаги жараён. Уйда, ўқув муассасаси, метро, автобус, ҳатто овқатланаётганда ҳам қўлда телефон ёки компьютер. Соғлиғидан устун, уйқуданда кучли ҳолат.
Аппаратдан чиқаётган нур инсон мия тўқималарига жиддий таъсир қилиб, уни турли хавфли касалликларга дучор этиши мумкин. Бу ҳол ўсиб келаётган ёш авлод, айниқса, ўсмирлар ҳаётида кўплаб учраётгани ачинарли. Ижтимоий тармоқлардан ортиқча фойдаланиш ва мобил ўйинларни керагидан кўп ўйнаш «касаллиги» инсоннинг руҳий саломатлигига таъсир кўрсатар экан. Ва бундай фойдаланиш инсонни ўз домига тортибгина қолмай, «қафас»лаб қўяр экан. Диққатни чалғитиши ва заифлаштириш даражасига етказаркан.
Бугунги дунё ёшлари сон жиҳатдан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлод ҳисобланади. Шундай экан интернетдан тўғри фойдаланиш маданияти, виртуал оламдаги ахборотларни тўғри таҳлил қилиш малакасини шакллантириш давр талабидир.
Сарвиноз АҲМEДОВА,
«Адолат» СДП
Андижон туман кенгаши фаоли.
Фикрингизни қолдиринг