Янгиликлар 1671
“Темир дафтар”даги беморлар учун бепул операциялар давом этмоқда
Муҳтарам Президентимизнинг “Темир дафтар” рўйхатида турган фуқароларга ҳар томонлама беминнат ёрдам кўрсатиш ташаббусини илгари сургани “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Хоразм вилоят филиали жамоаси зиммасига улкан вазифани юклади.
Мурожаатдан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши раиси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Хоразм вилоят филиали директори Тоҳиржон Палванов раҳбарлигидаги бир гуруҳ тажрибали онкологлар воҳамиз бўйлаб “Темир дафтар” рўйхатида турувчи беморларда бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, беморлар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда.
Куни кеча Тупроққалъа туманидаги Марказий шифохонада 1970 йилда туғилган, “Темир дафтар” рўйхатида турган Роҳатой Қурязовага бачадон миомаси ташхиси қўйилган. Шу боис бачадон ортиқлари билан экстирпация амалиёти бажарилди.
Моддий томондан етишмовчиликлардан қийналиб турган бир пайтда, соғлигим ҳам ёмонлаша бошлади, - дейди Р.Қурязова. – Онкология маркази Хоразм вилоят филиалига мурожаат этгандим, мутахассислар қисқа вақтларда касаллигим сабабларини аниқлашди ва жарроҳлик йўли билан дардимдан холос этишди. Шифокорларнинг самимий муносабати, менга кўрсатган меҳр-оқибатидан айниқса, муаммоларимни бирга баҳам кўришганидан бошим осмонга етди. Ҳаётга бўлган қизиқишим янада ошди. Фарзандларинг, оиланг бағрида соғлом яшашга нима етсин.
Бир сўз билан айтганда, фидойи, ўз соҳасининг жонкуярлари – онкологларнинг бу каби саховат амаллари фуқароларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши баробарида мамлакатимиз ривожи учун хизмат қилади.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг