Темир дафтардан чиққанлар

17.06.2021 16:06:53

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”. Бугун ҳаётий луғатимиздан ўрин олган бу тизим маҳаллабай ишлашнинг самарали услуби бўлиб хизмат қилмоқда. Чунки маҳаллаларда  ана шундай дафтарга рўйхатга олинган  аҳоли вакилларини банд қилиш ва ижтимоий аҳволини яхшилаш асосий мақсад қилиб белгиланган. Гулистон туманининг “Оқ олтин” маҳалласи раисининг ўринбосари  Гулнора Абдураззоқова Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган навбатдаги лойиҳада фаоллик кўрсатди.

Чунки партия “Аёллар қаноти”га аъзо бўлиши билан у “Бир адолатчи - юз аёлга ҳимоячи” лойиҳасини  маъқуллади ва ўз фаолиятида амалиётга татбиқ қилди. Яъни маҳаллада истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи бир гуруҳ хотин-қизларга ўз ишини йўлга қўйишида зарур масалаҳатларни бера олди. Масалан,  27 ёшли Нозима Усмонова ҳам Гулнора опанинг тавсияси ва масалаҳати билан  ўз хонадонида тадбиркорликни йўлга қўйишга эришди. Ўтган йили мени “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олишган эди.

- Тикувчиликка қизиққаним ва хабардорлигим сабабли Гулнора опанинг ёнига бориб, маслаҳат сўрадим. Улар менга имтиёзли кредит асосида тикув машиналари олишим муминлигини айтди. Шу куниёқ зарур ҳужжатларни тўпладим ва банкка топширдим. Ҳеч қанча вақт ўтмай 2 та тикув машинасини олиб келиб беришди. Ҳозирда ўзим қатори тўрт нафар аёлни иш билан банд қилдим. Ойига ўртача икки миллион сўмгача даромад қиляпман.  Энг муҳими “Ёшлар дафтари”дан чиқдим, - дейди биз билан суҳбатда  Нозима Усмонова.  

Ойбек Умиров турмуш ўртоғи Наргиза билан маҳалладаги ёш оилалардан бири ҳисобланади. Қўлида дипломи бўлмаганлиги сабабли улар давлат тишкилотида ишлай олишмади. Натижада тўрт нафар фарзандини боқиш учун ҳовлисидаги бор имкониятидан фойдаланишга ҳаракат қилишди. Маслаҳат ва йўл-йўриқ сўраб эса маҳалла биносига боришди. Раис ва ўринбосари уларга паррандачилик билан шуғулланиши мумкинлигини ва “Темир дафтарда”ги оилалар учун бу йўналишда имтиёзли кредитлар ажратилганини айтишди. Натижада бу оила ўз хонадонидаги  бўш турган оғил хонадан  икки юзта  товуққа мўлжалланган жой тайёрлади. Пули ҳал бўлган куни таъминотчилар икки юзта  товуқни уйларига келтириб беришди.

-Ҳозирда турмуш ўртоғим билан шу товуқларни парвариш қиляпмиз. Ҳар юз кунда гўштга топширганимиз ҳисобига оиламизга  ҳам даромад кириб қолди. Муҳими боқиманда бўлиб ўтирганимиз йўқ. Келажакда товуқ фермасини очишни ният қилиб турибмиз, - дейди  Наргиза Умирова товуқларига дон сочар экан.  

1716 нафар аҳоли истиқомат қилаётган ушбу маҳаллада яшаётган Кенжахон Хасанова “Аёллар дафтари”га киритилганини ўзи учун ор деб билди. Чунки унинг қўлида ҳунари бор. Шунда у тикувчилик цехини очиш ниятида маҳалла раиси ўринбосари Гулнора опага учради. Унинг ҳунаридан хабари бор адолатчи опа эса дархол ишга киришиб,  банк муассасига зарур ҳужжатларни топширди. Натижада  Кенжахон Хасанова ҳам уч дона тикув машинасига эга бўлди. Энди нафақат ўзи иш билан банд бўлди, балки маҳалланинг уч нафар қизини ҳам ўзининг цехига ишга олди.  Демак, ҳар бир маҳаллада аҳолини темир дафтар, аёллар ва ёшлар дафтарига киритишдан кўра ундан чиқариш устувор вазифа бўлса, аҳоли бандилиги билан боғлиқ масалага ўз ўзидан ечим топилган бўлар эди.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

 матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+