Янгиликлар 1720
“Темир” дафтарга киритилган оилалар фарзандлари хушнуд этилди
Мамлакатимизда ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутадиган мактабгача таълим тизимини ривожлантиришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда эҳтиёжга қараб мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш учун давлат-хусусий шериклик асосидаги хусусий боғчалар ҳам ташкил этилиб, аҳолига қулайлик яратилмоқда.
Ана шундай мактабгача таълим муассасаларидан бири халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, “Тадбиркор аёллар” уюшмаси Оққўрғон туман бўлими раҳбари Дилбар Усмонова ташаббуси билан ташкил этилган “Ширина-Ширинтой” номли таълим-тарбия масканидир.
Ушбу муассаса 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 115 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Тарбияланувчиларнинг 15 нафари “темир” ва “аёллар” дафтарига киритилган оилалар фарзандларидир.
Айтиш жоизки, ижтимоий кўмакка муҳтож тарбияланувчилар ота-оналари давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган миқдордан ортиқ бўлмаган ҳажмда имтиёзли тўловлар ўрнатилган.
Куни кеча “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан мазкур таълим муассасасида “Темир дафтар”га киритилган ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Болаларга беринг дунёни бир кун” шиори остида хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбирни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Бобур Мамиров кириш сўзи билан очиб берар экан, мамлакатимиздаги ҳимояга муҳтож ҳар бир фуқаро давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, бу борада партиянинг “Саховат-беназир қадрият” лойиҳаси доирасида Тошкент вилояти Кенгаши томонидан хайрия тадбирлари жойларда мунтазам ташкил этиб келинаётганини таъкидлаб ўтди.
Таъкидланганидек, келажак авлодни ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши, уларни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллий, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ҳар бир ўғил-қизнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, фаоллигини ошириш, уларни ҳам моддий ҳам маънавий рағбатлантириш, замонавий билимларга эга, ташаббускор ёшларимиз сафини кенгайтириш ҳамда эл-юрт манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Болалар ҳамиша ҳимояга муҳтож. Бу муаммо, айниқса, бугун янада долзарб аҳамиятга касб этмоқда. Дунёнинг қайсидир нуқталарида нотинчликлар, қонли можаролар содир бўлаётган, қай ўлкаларда очарчилик ҳукм сураётган экан, болаларни асраб-авайлаш, вояга етказиш инсоният учун энг долзарб вазифа бўлиб қолаверади.
Ана шундай мураккаб даврда юртимиз фарзандларининг тинчлик-осойишталикда, беқиёс ғамхўрликлар оғушида униб-ўсаётганлиги, уларга барча шароитлар муҳайё эканлиги барчамизни чексиз қувонтиради.
Дилбар Усмонова, “Ширина-Ширинтой” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари:
–Бугунги кунда муассасамиз 115 яқин ўғил-қизларни қамраб олган. Педагогик жамоамиз 5 нафар олий маълумотли ўқитувчи ва 5 нафар тарбиячилардан иборат. Муассасамизда 5 та турли тўгараклар ташкил этилган бўлиб, унда фарзандларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказиш билан бирга ўзларидаги бор қобилиятларини ривожлантириш ва намойиш этиш имконига эга. Айтиш жоизки, бизнинг муассаса “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг доимий эътиборида. Партия фаоллари томонидан болажонларимизни моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган бу каби ҳайрия тадбирлари доимий ташкил этилади. Бугунги тадбир ҳам ўзгача кўтаринки руҳда ўтди. Бу каби саховат ишлари фарзандларимизнинг маънавий ва руҳий ривожига фақатгина ижобий таъсир этади.
Тадбир давомида “Қувонч” халқ болалар рақс дастаси чиқишлари болажонларга олам-олам қувонч бахш этди.
Тадбир сўнгида ҳар бир болага меҳр-мурувват кўрсатилиб, мактабгача таълим муассасасидаги барча болаларга партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан эсдалик совғалар топширилди.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг