Янгиликлар 2383
Темир йўллар – иқтисодиёт локомотиви
Ўзбекистон темир йўл тизимини ислоҳ қилиш, уни жаҳон талаблари даражасида ривожлантириш, ягона миллий темир йўл тизимини барпо этиш мақсадида ташкил этилган акциядорлик жамияти ҳеч муболағасиз ўзига билдирилган ишончни оқлади. Ўтган қисқа йиллар самарали, ислоҳотларга бой давр бўлди.
Бугунги кунда ватанимиз пўлат магистралининг умумий узунлиги қарийб 7500 километрдан ошди. Шунингдек, 2500 километр йўллар қайта тикланди, қарийб 3 минг километрга яқин темир йўллар электрлаштирилди. Локомотив хўжалиги тубдан янгиланди.
2017-2019 йиллар мобайнида жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган иккита янги вокзал қурилди, учтаси эса қайта таъмирланди.
Тошкент шаҳрида дунёнинг ривожланган давлатларидан қолишмайдиган замонавий метрополитен тизимини ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жамият ишчи-ходимлари ва мутахассислари томонидан улкан, замонавий, жаҳон андозаларини ўзида мужассам этган кўприк ва йўл ўтказгичлар барпо этилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан меҳнат унумдорлигини ва унинг сифатини кескин даражада яхшилаш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижасини берди. Соҳа ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 1 миллион 41 минг сўмдан 2 миллион 801 минг сўмгача ошди.
Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан дунё бозорига янги йўллар очиш, мамлакатимизни бошқа минтақалар билан боғлайдиган замонавий транспорт коммуникациялари барпо этиш долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилди. Асосий эътибор янги темир йўллар қуриш, мамлакатимизнинг ягона ва яхлит темир йўл тизимини барпо этишга қаратилди. Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий-Учқудуқ-Султон Увайстоғ-Нукус темир йўлининг барпо этилиши бу борадаги дастлабки қадам бўлди. Кейинроқ “аср мўъжизаси” дея ном олган ноёб иншоот – Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилди. Ушбу бунёдкорлик иншооти мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратишнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. Ўзбекистон темирйўлчилари томонидан Афғонистон тарихида илк бор «Ҳайратон — Мозори Шариф» темир йўли бунёд этилди. Марказий Осиё минтақасида энг биринчи бўлиб юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» поездлари қатнови йўлга қўйилди. Шунингдек, ўтган йиллар мобайнида минглаб километр янги темир йўллар ишга тушди ҳамда 50 дан зиёд кўприклар барпо этилди. Қолаверса, тармоқнинг саноат корхоналарида вагон-цистерналар, ёпиқ ва бошқа турдаги махсус вагонлар, энг замонавий йўловчи ташиш вагонлари қуриш йўлга қўйилди. Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгалламоқда. Зеро, мамлакатимиз магистрал темир йўл тармоқлари орқали Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни бирлаштирадиган катта транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга.
Давлатимиз томонидан темир йўл соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, тармоқда юксак марраларга эришилмоқда. Темир йўл соҳаси бу иқтисодиётимизнинг қон томирлари, яъни бу йўллар орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ягона темир йўл транспорти тармоғи орқали бирлаштириб, минтақаларимиздаги мавжуд минерал хомашё ва табиий ресурсларни ўзлаштиришда шунингдек, йўловчиларни ташишда кенг имкониятлар яратилмоқда. Шаҳарнинг ҳалқа йўли бўйлаб узунлиги 66,3 километр бўлган темир йўл транспорт воситаси – электричкани йўлга қўйиш билан боғлиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳани 2017-2030 йилларда амалга ошириш учун давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 189 миллион доллар маблағ йўналтирилади. Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг талаб ва эҳтиёжи, пойтахтимизнинг келгуси ривожланишини инобатга олган ҳолда ер усти халқа метро линияси ва замонавий кўприк қурилмоқда.
2020 йил май ойида темирйўлчилар томонидан қуриб битказилган уч қаватли кўприк мамлакатимиз, айниқса, пойтахтимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 1 июнь куни пойтахтимизнинг Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасидаги уч қаватли кўприк лойиҳасини кўздан кечириб, уни замонавий технологиялар асосида сифатли бунёд этиш, коммуникация тармоқларини жойлаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди. Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача юртимизда уч қаватли кўприк қурилмаган. Мутахассислар фикрича, пойтахтимизнинг энг гавжум чорраҳаларидан бирида қад ростлаган бу кўприк тирбандликни анча камайтирди. Айни пайтда янги транспорт боғламаси Тошкент шаҳридан Чорвоққа олиб борувчи йўлни 22 километргача қисқартириб, шу тариқа Чорвоқ ва Чимён ҳудудларини ривожлантиришга замин яратди.
Тошкент ер усти ҳалқа метро линияси қурилиши ҳам темирйўлчиларимиз меҳнати эвазига барпо этилмоқда.Узунлиги 52,1 километр бўлган 35 бекатли мазкур метро лойиҳасининг қиймати 422,3 миллион долларга тенг. Электропоезд ҳалқа йўлини 1 соату 10 дақиқада айланиб чиқади. Унинг ўртача тезлиги 40 километр/соат, конструктив максимал тезлиги 80 километр/соатга тенг бўлади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йил июль ойида ушбу қурилиш жараёни билан танишиб, бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш ва сифатли якунлаш бўйича топшириқлар берди. Лойиҳа беш босқичда амалга ошириляпти. Дастлаб "Дўстлик" бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисм қурилади. 11 километрлик масофада 8 бекат бунёд этиш мўлжалланган. Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан "Олмазор" бекати боғланади. Сўнг "Беруний" бекатигача қатновлар йўлга қўйилади. Ундан кейин "Бодомзор" бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна "Дўстлик" бекатига уланади. Бугунги кунда “Дўстлик" – Қўйлиқ йўналишида қурилиш жадал давом этмоқда. Бунёдкорлик ишларига 1000 нафар муҳандис ва ишчи, 300 дан ортиқ техника воситаси жалб қилинган. Метро қурилиши “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан ҳар бир темир йўл транспорти ишчи-ходимлари, соҳа мутахассисларининг ҳиссаси беқиёслигини инобатга олиб, "Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ 2017 йилдан бошлаб август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб белгиланди ва бу кунни доимий равишда соҳага мос тарзда, тантанали равишда ўтказиб борилиши белгиланди. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз темир йўл тизими мустақил давлатимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ўтган чорак аср давомида пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида тармоқни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилган кундан буён юк ташиш ҳажми 2,1 марта, йўловчи ташиш ҳажми 2 баробар кўпайгани, темир йўллар орқали 1,5 миллиард тонна юк ташилиб, 400 миллион нафарга яқин йўловчи ўз манзилига етказилгани соҳада амалга оширилган ишлар салмоғи нақадар катта эканининг яққол тасдиғидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳа ва тармоқлар сингари темир йўл тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг эса 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали манзилларига етказилаётганини инобатга оладиган бўлсак, ушбу соҳа иқтисодиётимиз ривожида қандай муҳим ва катта мавқени эгаллаб турганини янада чуқурроқ ҳис қиламиз. Тизимдаги саноат корхоналари давр талабига мос технологиялар билан жиҳозланиб, уларда замонавий йўловчи ва юк вагонлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса мамлакатимизда тобора ривожланиб бораётган транспорт машинасозлиги соҳасида ҳам темирйўлчиларимиз ўзининг муносиб ўрнини топганидан далолат беради. Жумладан, биргина “Қуюв-механика заводи” корхонасида ҳаракатланадиган таркибни таъмирлаш базасини ривожлантириш, вагонсозликни ташкил этиш ва қуюв корхонасини реконструкция қилишга қаратилган катта кўламдаги лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида янги юк вагонлари, кўп тоннали контейнерлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш ва юк вагонларини капитал таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларини янада жадаллаштириш имконияти яратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгаллади. Бу борада амалга оширилган катта кўламдаги ишларнинг барчаси иқтисодиётимизда юксак натижаларни қўлга киритишга асос бўлмоқда. Темирйўлчиларимиз томонидан истиқлол йилларида 1500 километрдан ортиқ янги темир йўлларнинг барпо этилгани, 1800 километрлик темир йўл линияларининг электрлаштирилгани мамлакатимизни модернизация қилишда улкан қадам бўлди.
Энг асосийси, бу ўзгаришлар халқимиз ҳаётида ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг кўп миллатли жамоаси темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш, такомиллаштириш ва реконструкция қилиш, темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Бу борада янги темир йўлларнинг фойдаланишга топширилиши мамлакатимиз ҳудудларининг иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, минерал ресурслар, нефть ва газ, рангли металлар, қурилиш материаллари ва бошқа хомашёга бой конларни комплекс ўзлаштириш, энг муҳими, минг-минглаб юртдошларимизни иш билан таъминлаш имконини бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Испаниянинг «Talgo» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган юқори тезликда ҳаракатланадиган «Аfrosiyob» электропоездлари пойтахтимиздан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга қатнамоқда. Бу электропоездлар қисқа муддатда халқимиз ҳамда хорижий меҳмонларнинг эътибори ва ишончини қозонди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан транспорт соҳасидаги хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида ҳаракатланадиган таркибни замонавий, юқори самарали локомотив ва қулай вагонлар билан таъминлаш ва модернизация қилиш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда деярли барча станциялар халқаро сифат стандартлари талаблари даражасидаги юқори технологиялар билан жиҳозланди.Темир йўл транспорти коммуникациялари ва инфратузилмани ривожлантириш учун 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди, шундан 2,6 миллиард доллари хорижий инвестициялардир.
Темирйўлчиларимиз яна бир йўналиш – кўмир саноатини техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш, кон ишларининг самарадорлигини ошириш, ресурсларни тежайдиган янги, прогрессив технологияларни жорий этиш, аҳолига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш ишларида ҳам ўзларининг юқори салоҳиятини намоён этмоқдалар. Темирйўлчиларимизнинг фидокорона меҳнат қилиб, узоғимизни яқин қиладиган равон йўллар, Тошкент шаҳрида ва юртимизнинг бошқа ҳудудларида ўнлаб замонавий кўприклар қуриб, Ватанимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшаётгани алоҳида таҳсинга сазовор. Шунингдек, темир йўл соҳаси ишчи-ходимларининг “Обод қишлоқ”, «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ижтимоий соҳада, хусусан, табиий шароити, иқлими оғир ҳудудларга тоза ичимлик суви етказиб бериш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, халқимиз фаровонлигини ошириш, арзон уй-жойлар, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт масканларини барпо этиш йўлида олиб бораётган эзгу ишлари ҳам юртимиз тараққётига хизмат қилмоқда.
Шу ўринда темир йўл соҳаси ходимларининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган ишларга тўхталиб ўтмоқчи эдик. Ўзбекистон темир йўл тармоғининг келажаги, аввало, соҳага замонавий билимга эга, илғор технологияларни пухта ўзлаштирган, ўз касбига содиқ, Ватанимизга фарзандлик меҳри билан яшайдиган ёш мутахассис ва ишчиларни кенг жалб этиш билан бевосита боғлиқдир. Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ёшларга оид сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурида белгиланган вазифалар бўйича 195 нафар ёш ишчи-ходимларга Республика Кенгаши томонидан 83 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам берилди, Тошкент темирйўл муҳандислари институтида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган “Касаба уюшмалари стипендияси”дан жами 40 нафар талабага 44 млн сўм миқдорида маблағ тўлаб берилди, меҳнат жамоасида ёш ходимларни меҳнат жараёнига кўникиб кетишлари учун “Устоз-шогирд” сифатида 8 минг 750 нафар ёш ходим малакали мутахассисларга бириктирилди. Бундан ташқари, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолияти юзасидан долзарб мавзуларда 830 та корхона-ташкилотларда тадбирлар ташкил этилди. Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши халқаро ташкилотлар ва хорижий касаба уюшмалари марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириб бориш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Республика Кенгаши таклифига биноан 2019 йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро темирйўлчилар касаба уюшмалари конфедерацияси кенгашининг эллик еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгаш аъзолари ва делегациялари ҳамда конфедерация кенгаши Бош котиби иштирок этди. Анжуман иштирокчилари томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва тармоқ касаба уюшмалари билан биргаликда ишчи-ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасидаги узоқ йиллик фаолияти, темир йўл транспортини ривожлантириш ва ижтимоий соҳада олиб борилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларига алоҳида тўхталиб ўтилди ҳамда амалда бажарилган ишларга юқори баҳо берилди.
Ходимлар ва улар оила аъзоларини соғломлаштириш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилиб, тармоқ тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида жами 5 минг 747 та имтиёзли йўлланма ажратилиб, бунинг учун 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди, шундан 403 нафари бепул йўлланмалардир. Республикамиз ҳудудидан ташқарида Ялта ва Кисловодск шаҳарларида жойлашган “Ўзбекистон” санаториясида 68 нафар ходим соғломлаштирилди. Ёз мавсумларида тармоқ бўйича жами 7 та оромгоҳда 30 мингдан ортиқ болалар соғломлаштирилди. Жумладан, ҳар мавсумда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг 1498 нафардан ортиқ болалари Тошкент вилояти ҳудудидаги “Қибрай” оромгоҳида бепул соғломлаштирилиши таъминланиб келинди.
Айни вақтда олдимизда юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, бой минерал-хомашё ресурсларини комплекс ўзлаштириш, янги иш ўринларини яратиш, тармоқ корхоналари учун мутахассислар тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига тобора ўсиб бораётган талабини қондиришга йўналтирилган инвестициявий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш каби муҳим ва устувор вазифалар турибди. Ишончимиз комилки, тизимимиздаги 87 минг нафардан ортиқ юқори малакали, ўз касбига садоқатли, фидойи ва илғор темирйўлчилар жамоаси бу вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда ўзларининг бор билим, малака ва куч-ғайратларини сафарбар этадилар.
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
Социология фанлари доктори, профессор,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
Фахрий темирйўлчи
Фикрингизни қолдиринг