Янгиликлар 10433
Тенглик ва ҳурлик рамзи
“Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот”. Ушбу ҳароратли сўзлар билан бошланувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янграб, бошимиз узра байроғимиз ҳилпираганда, қалбимизнинг туб-тубида ғурур пайдо бўлади, фахр-ифтиҳор ҳисси жўш уриб, танимизни ёқимли титроқ чулғаб, кўзларимизга ёш қалқийди. Бу ҳолни тушунтириб, ифодалаб бериш жуда мушкул. Лекин, аминманки, бу туйғу нима эканини Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар бир инсон яхши англайди. Ватан тимсоллари, давлатимиз рамзларига агар кўнгил кўзи билан қарасак, уларнинг ҳар бири ўзига ҳос мактаб, алоҳида китоб эканлигини англаймиз. Хўш, уни ким ўқий олади? Ким бу рамзлар моҳиятидаги эзгу ниятларни теран англай олади? Албатта, биринчи галда ўз Ватанини чин дилдан севган, ўз халқини ардоқлашга қодир, тақдирини юрти тақдири билан чамбарчас боғлиқ кўра оладиган инсонлар уларни ўқийди, англайди. Юрт истиқболи, эл-юрт иқболини мадҳ этувчи бу дилҳуш садо кучимизга куч қўшиб, ҳар биримизни бунёдкорлик ишларига ундайверади. Инсон ҳар доим ён атрофидаги кишиларга, бунёдкорлик ишларига ундайверади. Инсон ҳар доим ён-атрофдаги кишиларга, демакки, юртига, Ватанига хизмат қилишни ўзининг инсонийлик бурчи деб билади. Виждон уйғоқлиги эса кишида сергаклик, ўзи туғилиб ўсган юртига таалуқли ҳар қандай жараёнга даҳлдорлик ҳиссини тарбиялайди. Давлат рамзлари ҳам ватанпарварлик фазилатини шакллантирувчи, жонажон юртни дилдан севишга чорловчи муҳим воситадир.
Давлат рамзлари мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқимизнинг шаъну-шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсолдир. 1992-йил 10-декабр санаси тарихга мустақиллигимизни мустаҳкамлаш даврининг муҳим воқелиги содир бўлган кун сифатида кирди. Негаки, мазкур кунда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонуни имзоланди.Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга юксак эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги, давлатнинг буюк келажаги хақида куйлайдиган, фаровон жамият қурииши йўлида фидокорона меҳнатни тараннум этадиган истиқлол рамзидир. Шу боис қутлуғ таронанинг ҳар бир сатри қалбимизга чўғ солади, дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни бот-бот ёдга солиб туради. Бу улуғвор қасидани тинглаганда, куйлаганда беихтиёр энг жўшқин, умидбахш туйғулар жунбушга келади. Кўз олдимизда она Ватанимизнинг таровати, бой тарихи, саодатли бугуни ва буюк келажаги намоён бўлади. Шукрки, мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, тотувлик ҳамда иноқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик хукм сураётир. Ватанимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обрў-эътибори ҳам тобора юксаляпти. Энг муғими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган фарзандлари келажакка қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимламоқда.
Таъбир жоиз бўлса, бизнинг Она Ватанга, шу тупроққа бўлган мухаббатимиз миллий рамзларга бўлган муносабатимиз орқали ҳам шаклланади. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.
Додар ДАЛМУРОДОВА,
Ёшлар қаноти фаоли
Фикрингизни қолдиринг