Тест синовларида адолат ва шаффофлик таъминланмоқда

09.08.2021 10:08:36

Республика олий таълим тизимида талабаларга дунё стандартлари асосида билим бериш, таълим жараёнларини янада такомиллаштириш ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бунда олий таълим муассасаларига кириш учун бўлиб ўтадиган имтиҳонларни очиқ, шаффоф ва албатта, адолатли ташкил этиш орқали юқори билимли ёшларнинг ўқишга киришини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилларда тест жараёнлари орқали олий таълим муассасаларига қабул қилишда кўплаб муаммолар мавжуд эди. Айниқса, тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, тест синовлари натижаларини эълон қилиш борасидаги камчиликлар дунё стандартлари талабларига тўлиқ жавоб бера олмасди. Ўз навбатида бу ҳол ота-онларнинг ва қолаверса, манфаатдор жамоатчиликнинг ҳақли равишдаги эътирозларига сабаб бўлиб, кўплаб билимли ва салоҳиятли ёшларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилинишига тўсиқ бўлаётган эди. Айниқса, қобилият, шахсий маҳорат ҳамда ижодкорликни талаб этадиган амалий санъат, спорт, дизайн, мусиқий таълим соҳасидаги таълим йўналишларига иқтидорли талабалар ўрнига, бу соҳаларда керакли иқтидорга эга бўлмаган ёшлар тест синовлари орқали ўқишга қабул қилинмоқда эди.

Қолаверса, Давлат тест марказининг моддий-техник базаси замонавий талабларга жавоб бермаслиги натижасида тест синовлари натижалари қарийб 15-20 кунда эълон қилинарди.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган ёшлар сони тобора ортиб бормоқда. Абитуриентлар сонининг кескин ўсиши юқорида санаб ўтган муаммоларни ўз вақтида, тезкорлик билан ҳал этилишини тақозо этмоқда эди.

Шу билан биргаликда, Юртимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, барча соҳаларни юқори билимли ва малакали мутахассислар билан таъминлаш учун олий таълим муассасаларига кириш учун бўладиган тест синовларини янада такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш лозим эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Юрбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу соҳада кўплаб ислоҳатлар ўтказилди. Жумладан, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари 1 августдан 15 августга қадар узайтирилди, имтиҳон натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиш таъминланди, абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган амалий санъат, спорт, дизайн, жисмоний тарбия, мусиқий таълим соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилишни кириш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга ошириш жорий этилди.

Қолаверса, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари катта сиғимдаги биноларда, вилоят марказларидаги Олимпия заҳиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилиши жорий этилиб, ошкоралик ва шаффофликини таъминлаб мақсадида бу бинолар видеокузатув мосламалари билан таъминланди. Бу эса абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовларини онлайн режимида кузатиб боришларини ва имтиҳон жараёнларини назорат қилишларига имкон яратди.

Энг асосийси тест материалларини тайёрлаш ва тест синовлари натижалари ўз вақтида эълон қилинишини таъминлаш мақсадида Давлат тест маркази замонавий моддий-техник воситалар ва жиҳозлар билан таъминланди.

Қилинаётган бундай ишлар олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилиб, олий таълимга билимли, иқтидорли ва муносиб ёшларни танлаб олишга замин яратмоқда. Шу билан бир қаторда тестларнинг адолатли ва шаффоф ўтиши ёшларнинг ўқишга бўлган иштиёқи ва қизиқишини, энг асосийси ҳақиқатнинг қарор топишига бўлган ишончини янада оширмоқда.

Маҳмуд ХОЛБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+