Янгиликлар 707
Тиббиёт бирлашмаси депутатлар назоратида
Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати Ўрол Шерханов бошчилигидаги ишчи гуруҳи тумандаги 1-сектор «Наврўз» маҳалласида жойлашган Тиббиёт бирлашмаси фаолияти юзасидан ўрганишлар олиб борди.
Ишчи гуруҳ туман тиббиёт бирлашмасидаги ҳомиладор аёлларни рўйхатга олиш, скрининг текширувидан ўтиш ва аниқланган касалликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ва шароитлар билан танишди.
Ўрганишлар давомида тиббиёт бирлашмасидаги белгиланган дориларнинг сақланиш ҳолати, оналар ва болаларни соғлигини таъминлаш борасидаги қилинаётган ишлар, куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди. Шифокорлар ва аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг таклифлари ва фикрлари тингланди.
Бугунги кунда тумандаги тиббиёт бирлашмаси 400 ўринга мослаштирилиб, 210 минг аҳолига хизмат қилмоқда.
Ўрганишлар натижасига кўра, тиббиёт бирлашмаси фаолиятида камчиликлар ҳам етарлича бўлиб, тиббий ёрдам хоналарнинг сони камлиги, тиббий асбоб-ускуналарнинг баъзилари етишмаслиги айрим оилавий поликлиникалардаги «Онко-назорат» хоналарида компьютер ва тиббий моддий техника базалари етишмаслиги каби камчиликлар аниқланди. Ўрганишлар давомида тиббий ёрдам сифатини янада юқори босқичга олиб чиқишга оид зарур маслаҳатлар берилиб, таклифлари тингланди.
Шунингдек, тиббиёт биносидаги баъзи хоналар таъмирга муҳтожлиги, тор доирадаги мутахассислар учун хона етишмаслиги муаммоси ҳам аниқланди.
Ўрганишларда туманга 32 та йўналишдаги гемотолог, онколог, травматолог, кардиоревматолог, болалар психиатри каби кадрларга бўлган эҳтиёжлар ҳам аниқланди.
-Тумандаги тез тиббий ёрдам шохобчалари ҳам ўрганилганда деярли барчасида умумий муаммо кузатилди, яъни сифатли ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, элекроотсос, иммобилизацион шиналар, жарроҳлик тўпламлари, физиотерапия аппаратлари, ЭКГ ва бошқа асбоб-ускуналар етишмаслиги баъзи ҳолларда аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишга тўла имкон бермаяпти, — деди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ўроль Шерханов. -Ўрганиш таҳлиллари натижасида ишчи гуруҳ томонидан туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати такомиллашиб бораётгани, мавжуд муаммоларни бартараф этишда бирлашма ва депутатларимиз ҳамкорлиги, жорий йилга мўлжалланган ҳамда аҳоли талабларига мувофиқ, мукаммал ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси зарурлиги қайд этилди. Соҳада аниқланган камчиликлар ижобий ечим топиши учун халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссиясига тақдим этилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишлари давомида соҳадаги мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларнинг ечими бўйича туман мутасадди раҳбарларига кўрсатмалар берди. Ушбу ҳолатлар туман депутатлари томонидан назоратга олинди.
Севарахон Хуррамова,
«Адолат» СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши
ижрочи котиби
.
Фикрингизни қолдиринг