Янгиликлар 1242
Тиббиёт ходимлари дардини кимга айтсин?
Коронавирус балосининг инсонлар гарданига тушаётган юки ҳали поёнига етиб улгурмай биз яна оқ халатли халоскорларнинг қадрига етишни унутиб қўйдик. Уларни эъзозлашни, меҳнатига яраша ҳақ тўлашни канда қилдик.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб фаолият юритаётган ўрта тиббиёт ходимларининг хизматига яраша муносиб ҳақ олишини қониқарли даражада деб айтолмаймиз. Сўровномалар натижасида аниқланишича, юртимизда фаолият олиб бораётган аксарият ўрта тиббиёт ходимларининг маоши энг кам иш ҳақининг 1 баравари атрофида. (Президентимиз фармонига кўра, жорий йил 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 822.000 сўм этиб белгиланган эди.) Ўз-ўзидан маълумки, бу маош оиладаги ҳаражатларни қоплашга етмайди. Сўровномада қатнашган ҳамширалар шу масалада шикоятларини изҳор этишар экан, уларнинг маоши масаласини ўртага кўндаланг қўйиш кераклигини ҳис этдим. Қишлоқ врачлик пунктларида меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимлари эса тунги навбатчиликка қўйилиб, аммо бунинг учун бир тийин қўшимча ҳақ берилмаслиги аён бўлди. Бу ҳолат айниқса, Сирдарё вилоятида кўп кузатилмоқда экан.
Шу ўринда бир савол туғилади-да. Йил бошида давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар қайси соҳаларга қанчадан йўналтирилаётганлиги кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилганди. Унга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасига 19,6 трлн. сўм маблағ ажратилган эди. Кўриниб турибдики, давлат бюджетининг каттагина миқдори шу соҳага йўналтирилган. Аммо... Беморларни даъволашда меҳнати энг кўп сингадиган ўрта тиббиёт ходимларининг маоши озлигига эътибор қаратилмаяпти, афсуски. Ёки чекка-чекка қишлоқларда тунги навбатчиликларда туриб, бунинг эвазига бир тийин олмаётган ҳамширалар кимга додини айтсин экан-а? Сал овозини чиқарса тепада ўтирган кўплаб «хўжайинлар»и бор. Туман тиббиёт бирлашмаларининг бош шифокорлари бунга йўл қўйишармиди… Афсус, ҳар доимгидек уларнинг дарди ичида. Албатта, қўл остида бу каби ходимлари кўп бўлган, кўнглига келган ишни қилиб ўрганиб қолган, коррупцияга ботган амалдолар ўзлари миллион-милилон маошларни олаётганда шу қоракўзларнинг ҳам рўзғори борлиги, оиласи учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб касалхона эшигида умр ўтказишларини ҳис этишармикан?..
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг