Тиббиёт ходимларига нисбатан содир этилган жиноятларга жиноий жавобгарлик даражаси кучайтирилмоқда

05.06.2022 17:06:00

Афсус билан айтиш керакки, бугунги кунда беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида бирор-бир айби бўлмасада, шифокорни айблаш ва унга ноқонуний тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. Охирги пайтларда бундай ғайриқонуний тажовуз акс этган тасвирлар турли ижтимоий тармоқларда учраши ҳолатлари ҳам талайгина. Шу кунга қадар шифокорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизликларни таъминлаш мақсадида бир қанча қонунлар ишлаб чиқилганига қарамай, соғликни сақлаш ходимларига нисбатан тажовуз қилиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Таҳлил натижаларига кўра бундай ҳолатларнинг кўплаб содир этилаётганлигига сабаб тиббиёт ходимларига куч ишлатиш йўли билан тан жароҳати етказаётган зўравонларга нисбатан қўлланиладиган жазо чораларининг енгил эканлиги билан изоҳланмоқда. Шу нуқтаи назардан тиббиёт ходимларини хавфсизлигини таъминлаш, жамиятимизда кўпайиб бораётган бундай иллатни олдини олиш мақсадида Бош прокуратура «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббиёт ходими фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, яъни тиббиёт ходими тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилганлик, шунингдек, тиббиёт ходими тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилиш мақсадида унга ноқонуний топшириқлар берганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги 197-7 модда билан тўлдирилмоқда.

Бу фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача (2,1 миллион сўмгача), мансабдор шахсларга эса, етти бараваридан ўн бараваригача (3 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ваҳоланки, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслиги лозим. Конституциявий ҳақ-ҳуқуқларимиздан келиб чиққан ҳолда ҳар бир фуқаро қонун ҳимоясидадир.

«Адолат» СДП электоратининг асосий қисми тиббиётчиларни ташкил этувчи партия сифатида тиббиёт ходимлари хавфсизлигини ҳар томонлама ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлайди. Жумладан, тиббиёт ходимларининг мақоми тўғрисидаги махсус қонунни қабул қилиш, бунда уларни ҳимоя қилиш кафолатларини аниқ белгилаш, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тенглаштириш, шунингдек, уларга тажовуз қилганлик учун жавобгарликни ошириш тарафдоридир. Ўз хизмат бурчига лаёқатсизлик қилинган ҳолатларда ҳам жазо усуллари қонун доирасида амалга оширилиши, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳолатга аниқлик киритилиб, айбдор қонунга асосланган ҳолда суд томонидан айбдор ёхуд айбсиз деб топилиши, жазо ҳам тегишли идоралар томонидан амалга оширилиши лозим. Бинобарин, биз ҳуқуқий демократик давлатнинг тенг ҳуқуқли фуқароларимиз.

«Адолат» СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+