Янгиликлар 1066
Тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар сайловчиларга етказилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев Қўқон шаҳрида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. 1-сонли шаҳар шифохонасида бўлиб, тиббиёт вакилларига мазкур соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар юзасидан тушунча берди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 мартда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.
Юртбошимиз 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, улардан муаммо ва таклифларни эшитган ва тизимда амалга ошириш лозим бўлган муҳим масалаларга эътибор қаратганди. Булар бўйича мазкур фармойиш қабул қилиниб, еттита йўналишда вазифа ва масъуллар белгиланди.
Жумладан, жорий йилда 136 та, 2023 йилда 140 та янги поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилади. Олис ва чекка маҳаллаларга махсус контейнерлар ўрнатилиб, маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш режалаштирилган. Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш жадаллаштирилиб, замонавий технологиялар ва жиҳозлар билан таъминланади. Шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқий-ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Жорий йил 1 июндан бошлаб, соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ойлик маошини малака тоифасига қараб 15 фоизгача ошириш, юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга 25 фоиз миқдорида устама тўлаш жорий этилади.
Учрашув давомида депутат “Адолат” СДП фаоли, депутат ёрдамчиси А.Аҳмаджонов билан биргаликда шифохонанинг 12 нафар ходимларига партиянинг аъзолик билетини топширди. Тиббиёт муассасасида янги БПТ ташкил этилиб, унга бош шифокор Бегзод Қамбаров раис этиб сайланди.
Депутат мурожаатлар юзасидан ҳам ўрганишлар олиб борди. Муроджон Усмоновнинг ер масаласидаги аризаси масъуллар иштирокида ўрганилиб, тегишли тартибда ҳал этиладиган бўлди.
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг