“Tik Tok”... Тарбия... Таназзул...

15.01.2021 12:01:33

Ўсмирлик инсоннинг энг нозик ва ажойиб бир даври бўларкан. Яқиндагина ювош, мулойим, кўзларимга қараб туриб кайфиятимни ҳис қиладиган қизим сўнгги вақтларда тез-тез асабийлашадиган, бир қарасанг сергап, кайфияти аъло, яна бир қарасанг камгап, қовоғидан “қор” ёғиладиган, жиззаки қизга айланди-қолди. Она бўлиб уни ҳар томонлама тушунишга, ўсмирликдаги “инжиқлик”ларини тўғри қабул қилишга ҳаракат қиламан. Унинг қизиқишлари, атрофидаги дўстлари ҳақида кўпроқ суҳбатлашиш билан бир қаторда бу ёшдаги ўзига хосликлар ва уларни ҳал этиш йўлларига бағишланган психологик асарлар, китобларга кўз югуртираман.

Қизим билан тил топишишнинг энг самарали усули — уни қизиқтираётган нарса-буюмлар, воқеа-ҳодиса, шахсларни ўрганиб, ўзимни унинг ўрнига қўйиб кўришда, деб ҳисобладим. У дарсдан бўш вақтида ўқиётган асарларини мутолаа қилдим, ўрганаётган чет тилини “қайта ўрганиш”га ҳаракат қилдим. Ҳатто қўл телефонидаги дастур ва иловаларни ўзимга ҳам юклаб олдим. Лекин шу жойига келганида сабр косам тўлиб, “тушунадиган”, “дўст” позиция­сини ўзига сингдирмоқчи бўлган онадан қизимнинг наз­дидаги қаттиққўл онага айландим. Қизимнинг қўл телефонидаги деярли барча кўнгилочар иловаларни ўчириб ташлашга қарор қилдим. Сабабини мен сингари ўсмирларни вояга етказаётган аксарият оналар тушунса керак...

“Tik Tok” мобиль иловаси кўпчиликка яхши таниш. Унинг қайси жиҳатлари кўнглимга ўтирмаганига тўхталишдан олдин ушбу илованинг келиб чиқиш тарихи ва ўзига хослиги ҳақида қисқача маълумот берсак:

“Википедия” маълумотлар базасида ёзилишича, “Tik Tok” — Хитойдаги “Byte Dance” компаниясига тегишли, қисқа видеоларни тасвирга олиш ва тарқатишни назарда тутувчи мобиль илова. Дастлаб Хитойда 2016 йилда, 2018 йилда эса халқ­аро даражада ишга туширилган ушбу илова Чин мамлакатида “Доуинь” номи билан аталади. Аслида “Tik Tok” ва “Доуинь” бир хил хусусиятга эга иловалар бўлиб, Хитойда амалда айрим чекловлар ўрнатилгани боис уларнинг иккаласи турли хил тармоқда ишлайди. “Tik Tok” ваколатхоналари Лос-Анжелес, Нью-Йорк, Лондон, Париж, Берлин, Дубай, Мумбай, Жакарта, Сеул ва Токио шаҳарларида жойлашган.

Бугунги кунда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларида унинг фойдаланувчилари сони 1 миллиарддан ошган. Уларнинг сони кундан-кунга яшин тезлигида ўсиб бормоқда. Аниқланишича, энг кўп оммалашган Хитойда ундан фойдаланувчиларнинг 60 фоизи 25-44 ёшда, Хитойдан ташқарида эса 24 ёшдан ошган фойдаланувчиларнинг улуши 43 фоизга тўғри келади.

Аслида илова яратувчилари аввалига ўзларининг “мижозлари” қилиб 18 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчиларни танлаган. Яъни, “Tik Tok”ка асос солганлар ёшлар ва уларнинг қизиқишларини кўпроқ тушуна олган. Бошиданоқ ўз аудиториясини аниқлаб олган дастурчилар ёш авлоднинг одатлари ва уларга ёқадиган жиҳатларни тушуниб етган ва ўз мижозларига айни керакли маҳсулот тақдим қилган. Ушбу платформада кулгили видеолар яратиб, уларни бошқалар билан улашиш имконияти бор. Аслида дастур ва унинг яратувчилари ўз ишини аъло даражада уддалайди. Бунга гап бўлиши мумкин эмас. Яъни, ҳар қанча ғайритабиий эшитилмасин, “Tik Tok”ка эътирозим йўқ. Чунки у шунчаки инсоният томонидан ўйлаб топилган дастур.

3 ёшгача ва ундан каттароқ ёш боласи борлар яхши билади. Фарзандимиз янги одат, сўз, қилиқ ўрганса, биз, катталар қувончимизни яшира олмаймиз. Боламиз билан бирдек суюнамиз, куламиз, хурсанд бўламиз. Бола эса ўз нав­батида катталарнинг табассумига сабабчи бўлишни яхши кўради ва шу одатни қайта-қайта такрорлашга, бу йўл билан кўпроқ ҳайрат ва меҳрга эришишга интилади. Баъзан гувоҳ бўламиз, айрим бефаҳм ота-оналар фарзандига сўкиш ёки ёмон қилиқларни ўзи ата­йин ўргатиб, атрофдагиларга боласининг “қобилияти”ни кўз-кўз қилишга одатланган, бундан зақланишадиям. Ўйлашимча, қизимнинг қўл телефонидан ўчириб юборилган “Tik Tok” ҳам худди шу мақсадда ўйлаб топилган. Яъни, кимдир ўзида ёки танишида “мисли кўрилмаган даражада зўр истеъдод”ни ўзича “кашф” этади ва бутун дунё­га бу “қобилияти”ни намо­йиш қилишга интилади. Бундайларга “Тik-Тok” зўр майдон сифатида хизмат қилар эҳтимол?

Ўша ўзлари ҳазиломуз деб атаётган бачкана видеотасвирларни иловага юклаб, оммага тақдим этаётган “Tik Tok”чилар ўзига хос олқиш ўрнида “лайк”ларини санаб, “обуначи”ларини кўпайтириш учун бўлар-бўлмас ҳаракатларни амалга ошираётганини очиғи ёқлаб бўлмайди. Энг қизиғи, қанчадан-қанча илмли, истеъдодли ўғил-қизларимиз қолиб, айнан шу “Tik Tok”чиларни алоҳида мукофотлаган, рағбатлантирган айрим раҳбарларимизнинг хатти-ҳаракатидан на мантиқ, на моҳият топа олади, киши. Тағин дунё­нинг ҳеч қайси мамлакатида “Тik Тok”чилар тақдирланмаган, деб оғиз кўпиртиришлари-чи? Гўёки, бундай ташаббус ҳеч бир ривожланган давлатдаги раҳбарларнинг хаёлидан ҳам ўтмаган, ақлиям етмаган, бизни ақлимиз етди шунга, демоқчи бўлишгандек. Аслида ўша давлатларда бетайин, бекорчи қилиқларни оммага намойиш қилиб, “лайк” йиғадиганлар эмас, балки илмий салоҳияти кучли, инсониятга фойдаси тегадиган ишлари, савобли, хайрли амали билан тенгдошларига ўрнак бўладиганлар қадрланади.

Ижтимоий тармоқда онасининг юзига торт чаплаган йигит ҳақида жуда кўп изоҳларни ўқидик, тингладик. Шу ўринда Андижон вилояти Балиқчи туманидаги “Оққўрғон” масжиди имоми Рустамжон Ҳамидов (Рус­тамжон домла)нинг ушбу мавзуга бағишланган видео маърузасидан бир парча келтирамиз:

“Ўғил-қизларингиз ҳаром билан ҳалолни ажратадиган бўлсин. Бола ёшлигидан Аллоҳдан уяладиган, қўрқадиган бўлиши керак. Аллоҳдан эса илмли одам кўпроқ қўрқади. Мен бир онани кўрдим. Бир ўғилни катта қилибди. Роса меҳнат қилган, роса пул сарф­лаган, ўқитган, орзу-ҳаваслар қилган. Ҳалиги ўғил онасининг туғилган кунига торт тайёрлаб келди. Роса онасига табрик айтиб, кўп тилаклар билдирди-да, охирида ҳалиги тортни онасининг юзига чаплади. Биродарлар, болангиз шу ишни қилишини хоҳламасангиз, болангиз илм­ли бўлсин. Мен умид қиламан ва тўлиқ ишонаман, менинг болам бундай қилмайди онасига. Ҳозир ҳамма ўша болани танқид қилаяпти, қарғаяпти. Лекин менинг онага раҳмим келаяпти.

Бир ота Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига борибди:

— Эй, мўминлар амири, мана бу болам мени урди, — дебди. — Сиз гувоҳ бўлинг, мен шу боламни оқ қиламан.

Ҳазрат Умар жаҳлдан қалтираб ўғилга қараб, дебдилар:

— Ҳой бола, нима иш қилиб қўйдинг, мусулмон одам отасига қўл кўтариши мумкинми? Ахир, отанинг болада қанақа ҳаққи борлигини биласанми? Фалон ҳаққи бор, тугун ҳаққи бор, — деб санаётса, йигит Ҳазратнинг гапини бўлиб:

— Тўхтанг, отанинг ҳаққи бўлса, боланинг ҳам отада ҳаққи борми? — деб сўраб қолибди.

У киши гап нимадалигини тушунгандек бўлибди ва дебди:

— Аввало, покиза, яхши хулқ­ли қизга уйланиб, болали бўлганда унга чиройли исм қўйиш, ундан кейин болага Аллоҳ ва Расулини танитиш, охират ҳақида эслатиш ва ундан кейин фарзандини ҳам покиза, яхши хулқли қизга уйлантириш отанинг ҳаққи ҳисобланади.

Шунда ўғил:

— Мен онамнинг насл-насабини танимайман. Ҳатто кимнинг ўғли эканлигимни айтишдан уяламан. Менга шунақа она топган бу одам. Менга бир исм қўйган, у исмни айтишгаям уяламан. Кўршапалакнинг эркагини исмини қўйган. Сиз айтган Худониям, Пай­ғамбарниям билмайман, танимайман. Мен туғилиб, эсимни таниганимдан бошлаб қўй билан туянинг орқасидан тушганман. Шундан бери қўй, туя ҳайдайман, — дебди.

Ҳазрат Умар отага қараб:

— Сен ўғлингни оқ қиламан деяпсанми, сен аллақачон ўғлингга оқ бўлиб қолган экансан, болани хор қилибсан-ку, — дебди.

Демоқчиманки, айб онасининг юзига торт чаплаган болада эмас, зотан Пайғамбаримиз айтганларидек, ҳар бир бола, қайси миллатга тегишли бўлмасин, покиза фитратда туғилади. Илло, унинг ота-онаси уни ё мусулмон, ёки нас­роний бўлишига сабабчи бўлади. Болани дўзахнинг лабига олиб борадиган ҳам, ўғри қиладиган ҳам ота-онаси бўлади”...

Домланинг хитобидан ҳам маълумки, фарзандларимиз илм олишлари учун етарли шароит яратиб беришимиз шарт. Бунинг учун вақт, имконият ва маблағимизни аямаслигимиз керак. Зотан, етарлича илмга эга бўлмагани учун, 40 ёшга яқинлашганига қарамай, 3 нафар фарзанднинг отаси “Шунчаки “Tik Tok”да қизиқроқ видео жойлаштириш мақсадида” ўзини гўёки поезд тагига ташлагандек қилиб кўрсатган ва оқибатда тегишли тартибда жиноий жазога эга бўлган ҳамюртимиз хал­қимиздан кечирим сўрашга мажбур бўлмаган бўлармиди? Ёки метрода кўпчиликни ўзига қаратиб, маймунларга хос “шоу” намойиш этиб, бу хатти-ҳаракат ва бақириқ-чақириқларни видеога тушириб, “лайк” йиғмоқчи бўлган ёшларимиздан уялмаган бўлармидик? Ким билсин, шу алфозда бефарқлигимизни намойиш қилаверсак, бугун онасига торт чаплаган бола, эртага ҳамманинг кўз ўнгида онасига қўл кўтарсаям, олқишлайдиган авлодни вояга етказмасак бўлгани...

Хулоса қилиб айтганда, фарзандларимиз — биз, катталарнинг кўзгудаги акси. Уларга бугун тўғри йўналиш кўрсатсак, тўғри тарбия берсак, эртага марра бизники бўлади. Улар бугун олган билими, дунёқараши, яхши хулқи ва одоби билан эртага ҳаётда ўз ўрнини топади, халқимиз манфаати учун хизмат қилади. “Tik-Tok”, “Like” ва шунга ўхшаш бемаъни воситалар эса уларнинг ортга қайтариб бўлмайдиган вақтини ўғирлайди, холос. Шунинг учун бошқаларни билмадим-ку, лекин шахсан мен мамлакатимизда бу тармоқлар фаолияти бутунлай чекланса ҳам розиман. Зеро, айрим амалдорлар таъбири билан айтганда, “кучли режиссёр ёки оператор”ларни тармоқларда машқ қилдириш орқали эмас, балки тегишли таълим муассасаларида, профессионал майдонда тайёрласак яхшироқ бўларди.


Саодат СОДИҚОВА,

“Adolat” мухбири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+