Тил-бебаҳо ҳазина

21.10.2020 19:10:26

Ўбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг Жарқўрғон туман Кенгаши томонидан тумандаги 33-сон умумий ўрта таълим мактабида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги муносабати билан “Тил-бебаҳо ҳазина” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят Кенгаши ҳамда туман Кенгаши ходимлари, депутатлар, мактаб жамоаси ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни мактаб директори О.Узоқова кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни миллий тараққиётимиз сари муҳим қадам ҳисобланган бу тарихий воқеага 31 йил тўлганлиги билан самимий қутлади. Ўзбек тилининг нақадар жозибадорлиги, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамияти ҳамда жамият тараққиётини  юксалтиришда муҳим восита эканини таъкидлаб ўтди.

Сўзга чиққанлар  ёшларга тил билиш барча муваффақиятларнинг гарови эканлигини, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини, қолаверса бошқа тилларни севиб ўрганишлари зарурлигини уқтириб ўтишди.

Қизларшой Раҳматова, Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати:

-Тил байрами инсонни она тилига ва ўз xалқига бўлган меҳр-муҳаббатини жўш урдирувчи бетакрор байрамдир. Ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва  анъаналари, тили, маданияти ва қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Мутафаккир шоиримиз ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзбек халқи маънавий дунёси, тилининг шаклланиб  ривож топишида хизматлари беқиёс бўлган. Унинг мўътабар номи, ижодий меросини доимо фахрланиб тилга оламиз. “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган пурмаъно сўзларининг мағзини англаймиз. Навоийнинг асарлари орқали она тилимизнинг беқиёс бойлиги, унинг буюклигини англадик, унга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ошди.

Шунингдек, тадбирда ўқувчиларнинг ўзбек тили бўйича саводхонлиги даражасини аниқлашга қаратилган қизиқарли викторина ўйинлар ҳам бўлиб ўтди. Саволларга тўғри жавоб берган ўқувчилар партиянинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тадбирда ўқувчилар томонидан тил, миллат ва ватанни мадҳ этувчи шеър-қўшиқлар ижро этилиб, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тил байрамида  ўзбек тилини шарафловчи шеърлар, мутолаа ва тил ҳақидаги ҳикматли сўзлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+