Янгиликлар 1321
Тил – миллат онаси
«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши ташаббуси билан Қўштепа туманининг 1-, 12-, 27-сонли ўрта таълим мактабларида 21-oктябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан “Тил – миллат онаси ва унинг ор-номуси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда она тилимизнинг қадр-қимматини юксалтириш, унинг софлигини сақлаш, ривожи ва истиқболига хизмат қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги ҳусусида сўз юритилди. Партия вилоят Кенгашининг ўринбосари Ш.Эгамов томонидан тил миллат шаъни ва ғурури эканлиги, 1989 йилнинг 21 октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги, унга асосан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги таъкидланди. Тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолишига эътибор қаратилди.
Тадбир давомида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ва ўрта таълим мактаби маъмурияти билан ҳамкорликда «Истеъдодимни намоён этаман» ғояси доирасида кўрик-танлов ўтказилди.
Мазкур тадбир доирасида ўқувчи ёшлар ўртасида иншолар, китобхонлик, шеърхонлик танловлари ўтказилиб, ёшларнинг билимлари синовдан ўтказилди. Ўқувчилар томонидан ифодали шеърлар ўқилди. Сўз бойлиги, оҳанг, тилга меҳри, адабиётлар мутолааси узлуксизлиги, теран фикрлар ғолибларнинг ўзига хос ҳусусияти бўлди. Улар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир давомида янграган куй-қўшиқлар иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг