Тил - миллат ўзлигининг ажралмас белгиси

22.10.2019 18:10:05

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлди. 

Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил
21 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги алоҳида қонуни қабул қилинди.

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига асосан эса, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди. 

Давлат раҳбаримиз томонидан жорий йилнинг 4 октябрь куни имзоланган “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарорга асосан мамлакатимиздаги барча шаҳар ва туманларда, хориждаги элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналарда ҳам ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирлари ўтказилди.

Шу жумладан, азим пойтахтимизнинг марказида барпо этилган “Тошкент-Сити” ишбилармонлик марказида куни кеча ишга туширилган муҳташам ва улуғвор “Конгресс-холл” саройида ҳам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ушбу тантанали маросимда Президентимиз нутқ сўзлаб, ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири экани, халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳақиқатдан ҳам, тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Ўзбек халқининг, унинг миллий маданияти ва ўзига хослигини ифода этувчи восита бўлмиш ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, мазкур тилнинг давлат тили мақомидек салоҳиятини изчил ва тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим вазифадир.

Президентимиз таъкидлаганидек, биз халқимизнинг тақдири, эртанги куни ҳақида ўйлар эканмиз, энг аввало, миллатимизнинг асл фазилатларини, гўзал урф-одатларимиз, бетакрор санъатимиз ва адабиётимизни, она тилимизни кўз қорачиғидай сақлашимиз зарур.

Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.

Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.

 

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+