Янгиликлар 2254
Тил миллатнинг бебаҳо бойлигидир
Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун - 21 октябрь санасининг “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган буюк ислоҳотларнинг юксак самараси, мустақил Ватанамиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маданий, маънавий ҳаётидаги улкан воқеадир.
Бугунги кунда юртимиз бўйлаб 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни тадбирлари ҳар йилгидан ўзгача жўшқинлик ва кўтаринкилик билан ўтказилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ҳам мазкур сана муносабати билан “Миллат руҳи, ғурури, тафаккури она тилида аксини топади” шиори остида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Мана шундай тадбирлардан Шароф Рашидов туман Халқ таълими бўлимига қарашли хорижий тилларга ихтисослаштирилган 60-сонли иқтидорли болалар мактабида ташкил этилди.
Мазкур тадбирда партиянинг вилоят, Шароф Рашидов туман Кенгашлари ҳодимлари, халқ депуталари Ш.Рашидов туман Кенгаши депутатлари, хорижий тилларга ихтисослаштирилган 60-сонли иқтидорли болалар мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Ўзбек тили ўзининг қадимий ва бой тарихида ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг бугунгидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган. Бу ривожланиш сари дадил қадам қўйган Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг юксак самараларидандир.
Тадбирда сўзга чиққан Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати Шоира Акбарова томонидан истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқдаётгани, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бораётгани, ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграётгани, хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучайаяётгани хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Дархақиқат, бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан она тилимизни мадҳ этиб, айтилган шеърлар ва қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.
Воҳид САИТХОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Ш.Рашидов туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг