Тил миллатнинг ёруғ юзидир

09.10.2020 15:10:12

Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритиб, ўзлигимизни англаш бахтига муяссар бўлдик.

Боболаримиз яратган буюк хазиналардан эмин-эркин фойдаланиш, ўрганиш имконияти бизни жаҳонаро юксак маънавият эгалари эканлигимизни кўрсатмоқда.
Ўзбек тилининг давлат тили мақомига эришиши унинг янада ривожланиши учун берилган кенг имкониятлардан бири бўлди.
Миллий тил инсоннинг ўз онаси мисоли қадрлидир.

Биз бой тарихимизни, адабиёт, маданият, саънат дурдоналаримизни тилимизнинг кенг имкониятлари орқали ўрганамиз.

Жаҳон тамаддунига салмоқли ҳисса қўшган боболаримиз ўз тилида асарлар яратиб, жаҳон тилларини мукаммал ўрганиб илм-фан тарақкиёти учун жон куйдирган.

БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида муҳтарам Президентимизнинг давлат тилида нутқ сўзлаши юртдошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини оширди.

Тарихга, адабиёт дурдоналарига назар ташлар эканмиз донишмандларимизнинг тил ва унинг инсон ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида кўпгина бебаҳо фикрларга кўзимиз тушади.

Мисол тариқасида келтириб ўтсак, Маҳмуд Қошғарий ўзининг “Девону луғотит турк” асарида “Эрдам боши тилдир”, яъни “Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади” деб ёзади.

Улуғ бобомиз сўз мулкининг султони  Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида шеърият ва бадиият тилига номуносиб деб қаралган тилимизнинг кенг имкониятлари, жозибаси ўта назокат билан шарҳланганлигини кўриб, қалбингиз ларзага келади. “Лайли ва Мажнун” достонида сўз, демакки, тил айтган билан совумайдиган тарона, олган билан тугамайдиган хазина, деб таърифланади:

Айтиб совумас таронасен сен,

Олиб қурумас хизонасен сен.

Мустақиллигимиз меваси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Уни асраб-авайлаш, авлодларга бенуқсон етказиш барча зиёлиларнинг асосий вазифасидир.


Раўаж ОТАРБАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+