Янгиликлар 2178
Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 21 октябрда имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Президентимизнинг мазкур Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилганини ҳам юқори баҳолаш мумкин. Департаментнинг асосий вазифалари этиб давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш, шу билан бирга давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш белгиланди.
Ёш авлоднинг она тилига бўлган ҳурмат-эҳтиромини байрам арафасида муносиб тақдирлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда Вилоят Журналистлар уйида “Тил – миллат ғурури” мавзусида тадбир ташкил этилди. Ёш ижодкорлар байрам арафасида фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Болажонларга ўзлари ёзган шеърлари тўплами, “Шодликларга тўлдир дунёни” китоби совға қилинди.
Дилрабо ЧОРИЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг