Янгиликлар 1809
Тинч ва фаровон ҳаёт кафолати
Жорий йилнинг 10 июнь куни Президентимиз Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон таклифига биноан расмий ташриф билан Тожикистон Республикасига ташриф буюрди. Икки кун давомида Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродар мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилгани барча учун қувонарли ҳолдир.
Икки қардош ҳам қўшни юртлар раҳнамолари стратегик шерикликни кенгайтиришда қаътий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидладилар. Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги “ўсиш нуқталари”ни топиш муҳим эканлигини қайд этгани ва шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш борасидаги келишувлари икки халқ учун ҳам жуда яхши янгилик бўлиб, тадбиркорларга янги ишларни ривожлантиришга ва иш билан банд бўлмаган фуқароларга янги иш ўринлари яратилиб, халқларимиз фаровонлигини таьминлаш йўлида муносиб келишув бўлиб хизмат қилишига барчамиз умидвормиз.
Зеро, ўзаро савдо ҳажми бир неча баробар ортадиган ҳудудлар ўртасида самарали алоқалар амалга ошириладиган ҳамда икки биродар мамлакат ва халқ ўртасидаги алоқалар тобора тараққий топадиган бўлса, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик бундан ҳам кучлироқ ривожланишига ишончимиз комил.
Сарварбек ҚАЗАҚОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хонқа туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг