Янгиликлар 1204
Тинчлик бор жойда ривожланиш бўлади
Президентимиз ташаббуси билан "Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклаш, афғон халқининг ҳозирги ва келгуси авлодлари учун узоқ кутилган тинч ҳаётни таъминлашга қаратилган инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Маълумки, мамлакатимиз доимий равишда Афғонистон масаласига эътибор қаратиб келади. Уларга тизимли гуманитар ёрдам жўнатилади. Бугунги кунда мазкур мамлакатдаги мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга қаратилган кўплаб таклифлар берилмоқда. Қолаверса, ўзаро қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган дипломатик муносабатлар олиб борилмоқда. Миллий анъаналаримизда ўз аксини топган қўни-қўшничилик қадриятларига асосан уларнинг ҳолидан хабар олиш, синовли кунларда ўз ҳолига ташлаб қўймасдан кўмаклашиш масалаларига доимо амал қилинади.
Аммо Афғонистондаги турли салбий кучларнинг ҳаракатлари, тинчликнинг барқарор эмаслиги кўплаб давлатларда унга нисбатан эътиборсизликни юзага келтирган. Давлатимиз раҳбари бу жиҳатга ҳам урғу бериб, мамлакатни ўз истиқболи учун курашишга чақирди.
- Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз, – деди юртбошимиз.
Конференцияда шунингдек, давлат иқтисодиётини қайта тиклаш, мамлакатнинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини, инфратузилмаларга доир ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Албатта, ҳар бир давлатнинг ривожланишида бошқа мамлакатларнинг ўзаро ҳар жиҳатдан ҳамкорлиги жуда зарур. Ўзаро дипломатик муносабатларни ўрнатишда эса мазкур давлатда ҳукм сураётган тинчликка эътибор қаратилиши ҳам бежизга эмас. Тинчлик бор жойда ривожланиш, ўзаро бирдамлик, халқнинг эртасига умиди бўлади. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўсиш кузатилади. Бу ўринда мамлакатимизнинг қўшни давлатлар
билан бағрикенглик асосида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари барчамизни қувонтиради.
Адҳамжон УМАРОВ,
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг