Янгиликлар 994
Тинчлик ва хотиржамлик – олий неъмат
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон «Ветеран» жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Хоразм вилоят бўлими билан ҳамкорликда воҳа бўйлаб, ёшлар орасида «Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда ёшларнинг иштирокини фаоллаштириш» мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Мазкур тадбирнинг навбатдагиси Қўшкўпир туманидаги «Хадра» маданият саройида 14-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ва ўқитувчилари, партия фаоллари, депутатлар, жангчи-фахрийлар иштирокида бўлиб ўтди.
Тадбирни партия вилоят Кенгаши матбуот котиби, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, шоира Замира Абдуллаева кириш сўзи билан очиб берди. Унда мамлакатимиздаги янгиланишлар, ислоҳот ва бунёдкорлик ишлари, партия томонидан олиб борилаётган илғор ташаббуслар хусусида сўз юритилди.
Шундан сўнг жангчи-фахрийларнинг 1979-1989 йилларда Афғонистон ҳудудидаги хизматлари хотирланиб, қанчадан-қанча ўзбек йигитлари йигитлик бурчини ўташ вақтида ҳаётдан эрта кўз юмгани ҳаётий мисоллар билан айтиб ўтилди. Шунингдек, ёшларни тинч ва осуда ҳаётни қадрига етишга, ватанни севиш каби гўзал фазилатлар эгаси бўлишга чақирилди.
Тадбир сўнгида партия ташаббуси билан чоп этилган «Коррупция ёшлар нигоҳида» китобининг яратилиши тўғрисида сўз юритилди ва мактаб жамоасига, фаол ўқувчиларга мазкур китоблар совға қилинди.
Ёшлар тадбирдан олган билим ва кўникмаларини эътироф этишиб, жонажон Ватанимиз тўғрисидаги дил сўзларини билдиришди.
Тадбир ёшларнинг фаоллигида ва савол-жавобларга бой тарзда қизғин кечди.
Воҳада бу каби тадбирлар уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Рустам БОЛТАЕВ,
Ўзбекистон «Ветеран» жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Хоразм вилоят бўлими раиси
Фикрингизни қолдиринг