Янгиликлар 4382
Тўйларда иллатлар эмас, миллий қадриятлар намоён бўлсин
Танишларимдан бири қиз чиқарадиган бўлди. Тўйига айтди. Иш билан бўлиб боролмадим. Орадан уч ой ўтгандан кейин икки-уч дўстлар биргаликда “тўй муборак бўлсин”га уйига бордик. Яхши кутиб олди. У тўйнинг ниҳоятда яхши ўтганлигини, ноз-неъматлар кўп бўлганлигини, беш-олтита атоқли санъаткорлар қатор туриб хизмат қилганлигини, ўзи ҳам қудалари қаторида туриб пулини аямаганлигини, хуллас, шаҳарда тўймисан тўй бўлганлигини айтиб мақтанди.
Камига тўй тасвири туширилган видеодискни ҳам қўйиб берди. Тўй, ҳақиқатан ҳам, тантанавор, аниқроғи, ниҳоятда дабдабали ўтган экан. Столларда емак-ичмакнинг ҳамма хилларидан қўйилган, санъаткорлар бири қўйиб, бири ашуланинг авжига чиқар, улар устидан сочилган пулларни раққосалар ва ёш болалар териш билан банд эдилар. “Камида 60-70 миллион сўм сарф бўлгандир?”, деди даврадагилардан бири. “60-70 миллион нима, 160-170 миллион сўм деяверинг”, дея изоҳ берди танишим. Танишимни тўй билан табриклаб, келин-куёвга бахт тилаб ташқарига чиқдик. Шунда танишим, “Афсуски, болаларимиз яхши яшаб кета олмади. Қизим салкам бир ой бўлди, уйга қайтиб келди. Биз қудалар тўйга сарфланган пулларни тўлаш борасида келиша олмадик. Қизим билан куёвнинг характери тўғри келмабди. Куёвга ўзимизники эмас, хорижда чиққан машина совға қилишим керак экан, Майли, қизим тақдирда борини кўраверади”, деди. Унинг бу гапидан ҳайрон ва лол қотдик. Хижолат тортдик. “Тўй муборак бўлсин”га келганимиздан пушаймон бўлдик.
Ҳа, ҳаётда ҳар хил воқеалар бўлиб туради. Ёшларнинг оила деб аталган кошонада бир-бирини англаб, тушуниб, бахтли яшаб кетишлари осон кечмайди. Улар орасида оила юкини кўтаролмай, бир-бирини тушунмай, юқоридаги каби ажралиб кетишлар ҳам учраб туради. Лекин, афсуски, кейинги пайтларда ана шундай ажрашишлар сони кўпайиб бормоқда. “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг мутахассислари келин-куёвларнинг бундай ажрашишларнинг аксарияти ота-оналарнинг дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик асосида тўй ўтказишлари, бу тўйга маблағ тўлаш борасидаги келишмовчиликлари, қудалар ўртасидаги мол-мулк талашишлар натижасида келиб чиқмоқда, деб эътироф этмоқдалар.
Маълумки, тўй ҳар бир халқ, миллат ҳаётига бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларга шодлик-ҳуррамлик бағишлайдиган маросим ҳисобланади. Аммо ана шу маросим муносабати билан ўзини бошқаларга кўрсатиб қўйишга, манманлик қилишга интилувчилар тўйларда дабдабабозлик, исрофгарчилик, риёкорлик каби иллатларни ҳам келтириб чиқарганлар. Бундай иллат ҳаётимизда бугун пайдо бўлгани йўқ. Улар қадим-қадимдан у ёки бу шаклда, кўринишда намоён бўлиб келган. Шу сабабли аждодларимиз бундай иллатларга қарши турганлар. Айтайлик, ислом динида ҳам ортиқча маросимбозликлар қораланган. Буюк алломаларимизнинг Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Никоҳ тўйида бир кун таом бериш суннат, икки кун таом бериш исрофгарчилик, уч кун таом бериш риёкорликдир”, деган сўзларини энг саҳиҳ ҳадис сифатида келтиришлари асосида ҳам ана шу ҳақиқат ётади. Ёки XIII-XIV асрларда яшаб ўтган адиб Сайфи Саройи бу иллатлардан куюниб “Тўй улуғ юмушдир. Лекин бу юмушдан манманлик йўлида фойдаланмак қиёмат-қойим ишдир”, деб ёзади.
ХХ асрнинг бошларида яшаган маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний эса тўйлар ҳақида сўз юритар экан, бу маросим туфайли юзага келаётган иллатлар ҳақида тўхталиб, “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқларига қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб, тўйга сарф қилмоқдалар. Тўй деган ерда муқаддас Ватанни сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмоқ керак?”, дея надомат билан ёзади. Юқоридагилардан маълумки, барча даврларда аждодларимиз тўй, маросимлардаги турли иллатлардан қутилиш йўлларини излаганлар.
Тўғри, ҳаёт тараққиёт этгани сайин тўй ва маросимларни ўтказишда ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар юзага келмоқда. Бундан 15-20 йил илгариги тўйларни кўз олдимизга келтирайлик. Улар тўй эгасининг хонадонида, ҳовлисида, ҳовли торроқ бўлса уй олдидаги кўчада ёки ялангликда, қишлоқларда эса далаларда ўтказиларди. Бундай тўйларга сарфланадиган маблағ, харажат кам бўлардию, лекин уни ўтказишда ташвишлар кўп эди. Эндиликда тўйлар ресторанларда, махсус тўйхоналарда ўтказилмоқда. Кейинги йилларда нафақат шаҳарларда, туман марказлари, қишлоқларда ҳам мухташам тўйхоналар барпо этилди. Бу тўй ва маросим эгаларини ортиқча ташвишлардан халос қилди. Тўйлар ниҳоятда тартиб билан уюшган ҳолда, югур-югурлардан ҳоли, маданий жиҳатдан юксак савияда бўлиб ўтмоқда. Шу билан бирга тўйларнинг муҳташам кошоналарда ўтказилиши сабабли маросимбозликлар бир қадар камайди. Никоҳдан ўтиш, келин салом, келин кўрди, чарлар каби аввал алоҳида-алоҳида бўладиган маросимлар энди бахт тўйи билан биргаликда нишонланадиган бўлди. Олдингидек исрофгарчиликларни келтириб чиқарадиган тоғорабозликлар камайди.
Булар, албатта, яхши. Лекин булар ўрнига эндиликда бошқа бир ташвиш пайдо бўлмоқда. Тўйларга сарфланадиган маблағ, харажат миқдори ошиб бормоқда. Бугунги кунда тўйхоналарнинг ҳашамдорлиги, хизмат кўрсатиш даражаси ва бошқа жиҳатларига қараб ҳар бир тўй учун 30 миллион сўмдан 80-100 миллион сўмгача маблағ сарфланмоқда. Ҳозирги кунда тўйлар қандай ўтганига эмас, қаерда, қайси тўйхонада нишонланганига, кўп одам қатнашганлигига, унга қанча миқдорда маблағ сарфланганига қараб баҳо бериладиган бўлмоқда.
Шу ўринда яна бир масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу тўйхоналарда тўй ўтказиш учун қўйилаётган нархлар билан боғлиқ. Тўғри, бугун тўйхоналарнинг аксарияти хусусий. Лекин бу ҳар бир тўйхона эгаси тўй ўтказиш учун хоҳлаган нархни белгилаш имконига эга, деган ҳуқуқни билдирмайди. Айтайлик, бир тўйхонада битта одам учун 120 минг сўм қилиб белгиланган бўлса, бошқа бир тўйхонада бу нарх 500-600 минг сўмни ташкил этади. Хўш, бу нархлар қандай асосда белгиланган? Наҳотки, бир одам тўйда 100 минг сўмлик таом тановул қилса? Бу ўринда бир одамга тўйда 500 минг сўмлик хизмат кўрсатишни ўйлашнинг ўзи ортиқча. Баъзан тўйхона нархининг ошганлиги сабабли столга турли хил таомлар, салатлар, ичимликлар устма-уст жойлаштирилади. Бу эса, аксарият ҳолларда исрофгарчиликларни келтириб чиқаради. Шундай экан, бугунги кунда тўйхоналарнинг тўй ўтказиш учун нархларини ҳам халқнинг умумиқтисодий аҳволидан келиб чиқиб қатъий белгилаш пайти келди. Тўйхоналарда нарх белгилашда қатъий меъёр ишлаб чиқилиши зарур.
Эндиликда тўйларни серчиқим, серҳаражат қиладиган хизмат турлари ҳам кўпайиб бормоқда. Шулардан бири қудаларнинг уйлари олди, тўйхонанинг кириш йўлакларини, тўйхонадаги келин-куёв ўтирадиган саҳнани ҳарир пардалар, аркалар билан безовчилар гуруҳи ҳисобланади. Бу гуруҳ хизматлари учун салкам бир миллион сўм тўлов талаб қилади. Бугунги кунда яна бир янги одат — келин-куёв столини турфа гуллар билан безовчилар хизмати ҳам мавжуд.Уларнинг хизмат ҳақи ҳам ярим миллиондан кам эмас. Булардан ташқари, келин-куёвнинг ишқ-муҳаббатини саҳнада намойиш қиладиган видеофильм яратувчилар гуруҳи, келин-куёвни суратга муҳрлайдиган, яъни фотоальбом тайёрлайдиган операторлар хизматлари ҳам борки, улар учун 4-5 миллион сўм сарфланиши аниқ. Яна бир хизмат тури — келин-куёвнинг шаҳарнинг турли сайргоҳлари, дам олиш масканлари, табаррук қадамжоларига бориш учун хизмат қиладиган машиналар масаласи билан боғлиқ. Бу хизмат тури учун аксарият ҳолларда бештадан ўнтагача, баъзан эса ўнтадан ўн бештагача хориж машиналари танланади. Бу хизмат машиналарининг ҳар бирининг ҳақи ярим миллион сўмдан кам бўлмайди...
Тўйларда санъаткорларнинг маданий хизмат кўрсатиш масаласи барча даврларда турли хил баҳсларга, танқидий мулоҳазаларга сабаб бўлиб келган. Бунинг боиси бор. Чунки санъаткорларнинг аксарияти тўйларни шахсий манфаат манбаи, маблағ тўплаш учун имконият деб қараб келишган. Бу ҳусусда ҳатто ўтган асрнинг бошларида атоқли ижодкор Абдурауф Фитрат “Фалончи доирачи ва сурнайчини дунёнинг фалон чеккасидан беш юз танга эвазига келтириш, фалон бир раққосани қай бир жаҳаннам гўшасидан минг танга бериб чақириб, узун тунлар минглаб бесару бадмастларни тўплаб базм бериш ҳаром, фисқ, икки дунё юз қаролигига сабабдир”, деб ёзган эди.
Келинг, бу борада санъаткорларимизнинг бугунги тўйлардаги хизматини бир назардан ўтказайлик. Тўйда карнайчилар, сурнайчилардан ташқари бир гуруҳ санъаткорлар навбатчилик вазифасини ўтайди. Бештадан ўнтагача санъаткор эса “бирров”га келиб кетади. Уларнинг бирортаси жонли ижрода қўшиқ куйламайди. Фонограммадан фойдаланиб, овозини етти маҳаллага етказади. Бундай хизматдан мақсад тўй эгаси ва меҳмонлардан кўпроқ пул ундиришдан иборат бўлади. Санъаткорларнинг бундай хизматлари тўй эгасига миллион сўмдан камига тушмаслиги аниқ. Баъзан тўйда ўтириб, бу анжуман нимага ўтказилаётибди — келин-куёвнинг бахти учунми ёки санъаткорларнинг тўйда пул йиғиб олиши учунми, деб ўйланиб қоласан.
Боз устига тўйларда санъаткорлар билан боғлиқ равишда қадриятлар, урф-одатларимизга зид бўлган бошқа иллатлар ҳам пайдо бўлмоқда. Маълумки, илгарилари тўй эгаси ва тўйда иштирок қилаётганлар пулни ашулачи ёки раққосанинг чаккасига қистиришарди. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам санъаткорларга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланарди. Эндиликда эса патнисларга терилган даста-даста пуллар келин-куёвларнинг оёғи остига ташланади. Ёки бўлмаса, даста-даста пуллар ёшларнинг боши узра сочилади. Ердан териб олинган пуллар яна ашулачининг, раққосанинг устидан сочилади. Келин-куёв бошчилигидаги ёшлар пуллар тўкилган гиламлар узра ғарбнинг аллақандай куйларига рақсга тушадилар. Бу ҳолатлар аҳлоқ-одобимизга, миллий урф-одатимизга, умуман, инсонийликка мутлақо зид эканлигини на ўзини кўрсатишга интилаётган манман тўй эгаси, на пулга нафси ҳакалак отган ашулачи мулоҳаза қилмайди. Аксинча, улар пул денгизи узра сузиб юришни, бундай уятсизликни ўзлари учун обрў деб билади. Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ахир мамлакатимизнинг пул бирлиги бўлган сўм республикамизнинг байроғи, герби, мадҳияси каби халқимизнинг маънавий қадрияти ҳисобланади. Тўй, маросим муносабати билан миллий пулимизни сочиб ўйнаш, уни топташ халқимизнинг маънавий қадриятига беписандлик, уятсизлик саналади. Бундай иллатларга мутлақо барҳам бериш керак. Шунинг учун тўйларда дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, манманлик каби иллатларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш учун қонуний меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилиши зарур.
Яқинда “O’zbekiston” телерадиоканалининг “Муносабат” кўрсатувида бир маълумот эълон қилинди. Тошкент шаҳрида бир йилда тўйлар учун 3 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланар экан. Бу аниқ ва айни пайтда аччиқ ҳақиқат. Хўш, шундай экан, республикамиз миқёсида тўйларга сарфланаётган маблағлар миқдори қанчани ташкил этади? Бу борада, келинг, бир хомаки ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Айтайлик, ҳар бир вилоятда кунига 100 та тўй бўлса, бир йилда шу вилоятда ўртача 300 кун давомида тўй берилса, йилига 30 минг тўй ўтказилади. Республикамизда 12 та вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳисобга олинса, 14 та ҳудуд вужудга келади. Бу эса мамлакатимизда бир йилда ўртача 420 мингта тўй маросими ўтказилади деган гап. Агар бу тўйларга ўртача 40 миллион сўмдан маблағ сарфланса, умумий миқдор 16 триллион 800 миллиард сўмни ташкил этади. Энди шу тўйларга сарфланадиган пул 60 миллион ёки 80 миллион бўлса, харажатнинг қанчага ошишини тасаввур қилинг. Тўйнинг харажатсиз бўлмаслиги табиий. Лекин тўйга 30 миллион ўрнига 60 миллион, 50 миллион ўрнига 100 миллион маблағ сарфланса, бундай ортиқча исрофгарчиликни, дабдабабозликни ҳеч бир жиҳатдан оқлаб бўлмайди.
Юқоридагилардан англашилиб турибдики, мамлакатимизда тўй ва маросимларни аждодлар мероси, миллий қадриятларимизга таянган ҳолда, энг яхши анъаналаримизни бугунги кундаги ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар билан уйғунлаштирган, замонавийлик билан ҳамоҳанг тарзда ўтказиш борасида давлат сиёсати даражасида қонуний ҳужжат ишлаб чиқиш ҳаётий заруратга айланиб улгурган. Бу қонуний ҳужжатда тўйларни меъёрий асосда ўтказиш белгиланиши билан биргаликда, уларда исрофгарчиликка, ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймасликка, айниқса, дабдабабозлик, манманлик, шуҳратпарастлик каби иллатларнинг бартараф этилишига алоҳида эътибор қаратилиши керак. Бу ишларни бевосита амалга оширишда республикамизда “Тўй комиссияси” ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу комиссиянинг вилоят, туман бўлимлари аъзолари жойларда ўтаётган тўйларга бош-қош бўлишлари, яъни тўйнинг қайси тўйхонада ўтаётганлиги, тўйхонада тўй учун қанча нарх белгиланганлиги, келин-куёвларнинг машиналарда айланиши, йўллардаги тартиб-интизомга риоя қилиши, санъаткорларнинг тўйлардаги иштироки, тўйларда исрофгарчиликка, ортиқча чиқимларга йўл қўйилмаслиги, тўйда пул сочиш, пул бериш каби манманлик, дабдабабозлик иллатлари рўй беришининг олдини олиш борасида назорат ишлари белгиланса маъқул бўларди. Агар тўй эгалари бундай талабларга бўйсунмаса, уларнинг қилмишлари телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали очиқдан-очиқ фош қилиниши лозим. Шу билан бирга уларга ҳам моддий, ҳам маънавий, ҳам қонуний жазолар белгиланиши шарт.
Зеро, бугун тўй ва маросимлардаги айрим иллатлар туфайли жамиятимиз ва умуммиллатимиз олдида муаммолар юзага келаётган экан, уни бартараф этишнинг бошқа йўли йўқ. Ана шу ишларни амалга оширсак, тўйларимиз ва маросимларимизда рўй бераётган ҳар хил иллатларни йўқ қилиб, миллий қадриятларимизни тўла намоён қилишга эришамиз. Асосий мақсад ҳам ана шундан иборат.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Фикрингизни қолдиринг