Тўрақўрғонда белбоғли кураш бўйича мамлакат биринчилиги бошланди

06.11.2020 11:11:56

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида  белбоғли кураш бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати беллашувлари байроғи кўтарилди.  Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвим-режасидаги мазкур биринчиликда Қорақалпоғистон Республикаси,Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан  ёш полвонлар иштирок этишмоқда. Мусобақа дастуридан белбоғли курашнинг эркин ва классик усуллари бўйича баҳслар ўрин олган.

Чемпионатнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Тўрақўрғон туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Усмонов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Наманган вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокир Қорабоев, “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев  мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган юксак эътибор,  йигит-қизларимизнинг халқаро миқёсдаги мусобақаларда эришаётган юксак  натижалари хусусида алоҳида тўхталдилар.

- Биз бир неча йилдан бери “Адолат” социал-демократик партияси билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб борамиз, -  дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Р. Дастиров. – Мазкур спорт тури бўйича  “Адолат” кубоги мусобақаларини ўтказиш ҳам яхши анъанага айланган. Қолаверса, мен ҳам шу партия аъзосиман. Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгашига депутат этиб сайланганман. Мазкур биринчиликни ташкил этишда ҳам сафдошларимиз катта ёрдам кўрсатишди.

Шу ўринда чемпионат ўтаётган Тўрақўрғондаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида  ўнга яқин партиядошларимиз мураббий бўлиб ишлаётганликларини айтиб ўтиш жоиз. Улар спортнинг бошқа турлари қатори белбоғли курашдан кўплаб истеъдодли полвонларни тарбиялашган. Улар орасида вилоят ва республика чемпионлари, халқаро турнирлар ғолиблари бор. Дарвоқе, БЎСМ директори, халқаро тоифадаги ҳакам Неъматжон Тўйчиев ҳам партиямиз аъзоси...

Шундай қилиб, мусобақалар бошланди. Гиламдаги ҳар бир беллашув ўта шиддатли ва муросасиз кечди. Албатта, ҳар бир “жанг”нинг тафсилотини тўла келтиришга имконият йўқ. Лекин  иштирокчиларнинг ҳаммаси мусобақага  жиддий тайёргарлик кўрганлиги сезилиб турибди. Уларнинг юзларидаги қатъият ва шижоат, эҳтирос бундан далолат бермоқда.

Республика олимпия заҳиралари спорт мактаб-интернати ўқувчиси Ҳабиб Абдурашидов ана шундай ўсмирлардан. Биз ёш полвон  иштирок этган бир неча баҳсни томоша қилдик. Барча “жанг”да у ўзининг чайирлигини, кураш техникасини пухта эгаллаётганлигини, бел олиш усулларини яхши билишини намойиш эта олди. 42 килограмм вазн тоифасида унга дастлаб самарқандлик Хуршид Эшбеков рўбарў келди. Ҳабиб тезкор  ва аниқ ҳаракатлари  билан рақибини тезда саросимага солиб қўйди ва 26 сониядаёқ ҳакамлар унинг ғалабасини эътироф этдилар. Кейинги олишувда Тошкент вилояти вакили Одил Мирсолиев ҳам бир дақиқага етар-етмас мағлуб бўлди. Аммо финалда фарғоналик Бунёд Расулов маълум муддат жиддий қаршилик кўрсатди. Лекин барибир Ҳабиб усталик билан рақиб қаршилигини енгиб, чемпион унвонини қўлга киритди.

Бошқа вазн тоифаларидаги беллашувлар ҳам қизиқарли кечди. Мусобақа икки кун давом этади. Биз чемпионат якунлари ҳақида  алоҳида хабар қиламиз.

                                                                           Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+