Тошкент вилояти Кўзи ожизлар кутубхонасида тақдимот

19.09.2024 13:09:59

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан яратилган янги таҳрирдаги Конституциянинг аудиокитоби юртимизнинг турли давлат ва нодавлат ташкилотларида, жумладан, олий ва ўрта таълим муассасалари, кутубхона марказларида кенг кўламли тақдимот тадбирлари орқали аҳолига етказилмоқда.

Ана шундай  тақдимот тадбирларидан бири бугун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Тошкент вилояти ҳокимлиги Республика марказий Кўзи ожизлар кутубхонаси тасарруфидаги Тошкент вилояти Кўзи ожизлар кутубхонасида бўлиб ўтди. Мазкур кутубхона 2009 йилда  вилоят ҳокимининг қарори асосида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 8 та филиал кутубхонаси фаолият юритмоқда. Кутубхонада 27 нафар ходимлар ишлаб келмоқда. Кутубхона жами 19370 та китоб фондига эга. 2560 та китобхонлардан 610 нафари кўзи ожизлар ҳисобланади.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова Тошкент вилояти Кўзи ожизлар кутубхонаси директори, масъул ходимлари иштирок этишди. 

Тадбир давомида “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова сўзга чиқиб, аҳолининг барча қатламлари, хусусан имконияти чекланган фуқаролар учун Конституция нормаларининг мазмун-моҳиятини тушунтиришда қулай ва интерактив усуллардан фойдаланишнинг аҳамиятини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, янги таҳрирдаги Конституциянинг аудиокитоб шакли инсон ҳуқуқлари ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлашда муҳим восита бўлиб, имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам Конституцияни осон англаш имконини беради. Шунингдек, у Конституциянинг тарихий аҳамияти ва унда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган нормаларга алоҳида тўхталиб, аудиокитоб яратилишининг асосий мақсади аҳолига Конституция мазмунини янада тушунарли ва ёдда қоларли қилиш эканини қайд этди.

Тадбир якунида Тошкент вилояти Кўзи ожизлар кутубхонасига янги таҳрирдаги Конституциянинг аудио нусхалари тақдим этилди. Бундан буён кутубхона фойдаланувчилари ушбу аудиокитобни онлайн тарзда тинглаш имкониятига эга бўладилар. Бунинг орқали улар қонунлар ва ҳуқуқий нормалар ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишлари мумкин.

Тадбир қизғин савол-жавоблар билан давом этиб, Конституциянинг аҳамиятига оид қизиқарли муҳокамалар бўлиб ўтди. Аудиокитоб тақдимотлари бошқа ташкилотларда ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+