Тошкентдаги Абдураҳмон Жомий қўлёзмасининг Душанбе нашри

18.06.2021 09:06:00

Қадим замонлардан ўзаро қондошу жондош ўзбек ва тожик халқларининг улуғ аждодлари  ҳамкорликда яратган илмий, адабий ва маданий бойликлари билан жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшиб келгани дунё илму адаб аҳли томонидан аллақачон эътироф этилган.

Нуфузли ЮНЕСКО халқаро ташкилоти номоддий маданий мерос сифатида эътироф этган “Шашмақом” туркуми ана шундай муштарак мусиқий қадриятларнинг юксак намунасидир. Абадиятга даҳлдор мумтоз мақомларни юзага келтиришда Абу Абдуллоҳ Рудакий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Сафиуддин Урмавий, Абдулқодир Мароғий каби қомусий алломаларга муносиб издошлик қилган ва уларнинг мусиқий таълимотини янги босқичга юксалтирган форс­-тожик мутафаккири ва шоири Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомий ҳазратларининг бу борадаги хизматларини ҳам алоҳида қайд этмоқ керак.

Темурийларнинг Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ҳукмронлиги даврида яшаб ижод этган, Самарқанддаги машҳур Улуғбек мадрасасида диний ва дунёвий фанлардан мукаммал таҳсил олган ҳамда мусиқа бобининг амалий­-назарий жабҳаларида беқиёс юксалган қомусий аллома Абдураҳмон Жомий нақшбандийлик тариқатининг йирик намояндаси сифатида Ҳирот шаҳрида самарали фаолият кўрсатди. Ул зотнинг кўплаб издошлари  қаторида ўзбек халқининг фахри, ғазал мулкининг султони, йирик мутафаккир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий ҳам камолот касб этди. 

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўртасида дастлаб устозу шогирдлик тарзида бошланган ўзаро муносабатлар кейинчалик ўша даврнинг синовли силсиласида чинакам дўстлик ришталари билан мустаҳкам боғландики, бу ҳол  ўзбек ва тожик халқлари азалий қардошлигининг юксак тимсолига айланди. Бу мўътабар зотлар бир­бирларини ўзаро маънавий қўллаб­-қувватлаши натижасида мумтоз адабиёт, шеърият, илму фан ва  санъат соҳаларида бебаҳо асарлар юзага келганлиги алоҳида эътиборга молик.

Бу икки буюк санъаткор ижодий режаларини ўзаро маслаҳатлашишган, ёзган ҳар бир асарини бир-­бирларининг назаридан ўтказиб туришган. Бу ижодий ҳамкорлик икки томонлама бўлган, яъни шогирд сифатида Навоий фақат маслаҳат сўраб, Жомий йўл­-йўриқ кўрсатибгина қолмай, ўз навбатида, Навоий ҳам устозига қимматли маслаҳатлар берган ва Жомий уларни инобатга олган. “Жомий Навоийнинг илтимоси бўйича ёинки унга бағишлаб йигирма еттита тожикча китоб ва рисола ёзди. Муаллиф бу ҳолни ўша асарларнинг муқаддимасида эслатиб ўтади”,   —  деб маълумот беради бу ҳақда Садриддин Айний. Жумладан,  Мир Алишер Навоийнинг таклифи ва даъвати билан  Ҳазрати Жомийнинг “Мусиқага оид рисола”  асари XV асрнинг иккинчи ярмида темурий шаҳзодалардан Султон Ҳусайн Бойқаро бошқарган Ҳирот шаҳрида яратилган эди.

Мусиқашунослик илмига оид бу рисоланинг ноёб қўлёзма нусхаси бугунги кунда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида муаллифнинг бошқа 28 та назмий ва насрий асарлари билан ягона жилдда Жомий “Куллиёт”и номи билан сақланмоқда. 

1990 йилларга келиб  халқларимизнинг ўзлигини англаш жараёни янги босқичга юксалган бир даврда улуғ аждодларимизнинг илмий­-маънавий мероси ўлароқ Ҳазрат Жомийнинг “Мусиқага оид рисола”сига бўлган маънавий талаб-­эҳтиёж нафақат мусиқашунослар даврасида, балки филологлар, манбашунослар ва фольклоршунослар орасида ҳам янада ортди.

Айни шу талаб-­эҳтиёжга жавоб ўлароқ, 1997 йили мазкур рисола ўзбек тилида нашр юзини кўрди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларида мумтоз мақом анъаналари алоҳида эътибор ва эъзозда. Бу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида “Ўзбек миллий мақом санъати маркази” ташкил этилиб, Шаҳрисабз шаҳрида “Халқаро мақом санъати анжумани” ўтказила бошлангани ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон фармони билан ҳар йилнинг 12 май куни “Шашмақом миллий байрами” тарзида нишонланаётгани таҳсинга сазовордир.

Табиийки, улуғ аждодларимиз мусиқий мероси шарафланаётган ҳозирги даврда Абдураҳмон Жомийнинг “Мусиқага оид рисола”сига бўлган ижтимоий-­маънавий эҳтиёж янада юксалди. Шу муносабат билан Тожикистон Фанлар академиясининг Ҳазрати Жомий рисоласини давр талаби асосида қайта нашр этиш ташаббуси билан қилган мурожаатини Ўзбекистон Фанлар академияси тўлиқ қўллаб-­қувватлади. Ушбу рисоланинг ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган ноёб нусхаси Душанбе шаҳрида ўзаро ҳамкорликда чоп этилди.

Эзгу ниятлар билан бошланган бу хайрли нашр Президентимизнинг ўзбек ва тожик халқларининг асрий дўстона ришталари ва илмий алоқаларини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган саъй­-ҳаракатлари ҳамда Тожикистон Республикасига ташриф доирасида имзоланган ҳужжатларнинг амалий ифодаси сифатида янги ўзаро илмий ҳамкорлик лойиҳаларига муҳим дебоча бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз.

 

Баҳром  АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон фанлар академияси вице-президенти,

тарих фанлари доктори, профессор

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+