Янгиликлар 1272
Тоза уйда дард қолмас
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада “Адолат” СДПнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида депутатларимиз томонидан амалий ишлар тизимли йўлга қўйилиб, юртимиз ободлиги йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Жумладан, Халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгаши депутати Зулхумор Раҳматова томонидан лойиҳа доирасида “Тозалик – соғлом ҳаёт мезони” мавзусида туман Ободонлаштириш ходимлари ҳамда “Бўзачи” МФЙда яшовчи фуқаролар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан депутат З.Раҳматова юртимизни озода ва покиза сақлаш, ҳашарлар ташкил қилиш орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, боғ-роғлар яратиш каби ота-боболаримиздан қолган азалий қадриятлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Атроф-муҳитни озода сақлаш бизнинг устувор бурчларимиздан бири эканлиги қайд этилди. Дарҳақиқат, “Тозалик – соғлом ҳаёт мезони” бу бежиз эмас, халқимизда “Тоза уйда дард қолмас” нақли ҳам бежизга айтилмаган. Юртимиз ободлиги йўлида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида биз экологик вазият ва ҳаво тозалигини яна бир бор яхшилаш баробарида ўз соғлигимизни ҳам асраган бўламиз. Табиатга меҳр ва эътибор берсак, биздан кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда ва экологик шароитда яшайди.
Депутат З.Рахматова йиғилганларга маҳаллада амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол бўлиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалишида ўз ҳиссамизни муносиб тарзда қўшиш лозимлигини таъкидлади.
Мухтасар Зохидова,
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг