Янгиликлар 2477
Тозалик йўлида бирлашдик
Ўзбекистон “Адолат” СДП Булунғур туман Кенгаши ташаббуси билан партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида тумандаги “Улуғбек”, “Хўжамазгил”, “Гулистон” маҳалла фуқаролари йиғинида ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Хурсаной Турдиева, партия фаоли:
- Албатта, тозалик, покизалик ва озодалик халқимизга хос гўзал қадриятлардан бири. Бобо-момоларимиз ҳамиша уйи ва унинг атрофи, теварак-атрофни покиза сақлагани, саранжом-саришта яшаганини барчамиз яхши биламиз. Аммо, бу гўзал анъанага ҳар доим ҳам амал қилиняптими? Айрим ҳолларда гувоҳи бўлаяпмизки, аксарият одамлар турли чиқиндиларни дуч келган жойга улоқтиришни одат қилган, қўлидаги писта пўчоғими, музқаймоқнинг қоғозими фарқи йўқ - хоҳлаган жойга бемалол ташлаб кетаверади. Партия туман Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбир жуда яхши йўлга қўйилган. Ёш авлодга она табиатни асраш, табиат билан дўстона муносабатда бўлиш ҳақидаги билимлар оиладан бошланади. Агар онани ўзи ариқдаги сувга чиқинди ташласа, сувга супурса, бу оилада тарбия топган қиздан нимани кутиш мумкин? Қуш уясида кўрганини қилади-да.
Ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришда ҳар бир фуқаронинг масъуллигини ошириш, хонадонлар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, ёш авлод онгида атроф-муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантириш мақсадида тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилди. Ушбу ободонлаштириш ишларида фаоллик кўрсатганларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
Жасур БЕРДИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши туманлараро ижрочи котиби
Фикрингизни қолдиринг