Янгиликлар 1620
Тозалик – кундалик ҳаётимизнинг мезонига айланмоғи лозим
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик хиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида аҳолини бирлаштириш, ёшлар тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бугун барча вилоятлар сингари Жиззах вилоятида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда.
Ҳар бир инсон онгида ўз юртини севиш ва уни покиза сақлаш,
атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантириш мақсадида “Адолат” социал-демократик партияси Арнасой туман Кенгаши томонидан тумандаги “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар билан мулоқот ўтказилди.
– Бугун биз ушбу мавзуда сўз юритар эканмиз, албатта, инсон омили хусусида тўхталишимизга тўғри келади, - дейди партиянинг Арнасой туман Кенгаши раиси Шавкат Ҳудайқулов.Чунки бажарилиши лозим бўлган ишлар фақат инсонларга ҳос эканлигини ёдда тутмоғимиз лозим. Шундай экан, бу масалани ҳар бир инсон онгига сингдиришимиз, тозалик ва озодаликка нисбатан уларнинг маъсулиятларини оширишимиз керак бўлади. Шундагина юртимиз тозалигини сақлаган, халқимиз соғлиғини мустаҳкам бўлишига эришган бўламиз.
Мулоқотдан сўнг коллеж талабалари билан биргаликда мазкур маҳаллада ҳашар ташкил қилинди. Ҳашарда ариқлар тозаланди, барг-хазонлар йиғилиб, кўча атрофидаги дарахтларга ишлов берилди. Шунингдек, аҳоли томонидан маиший чиқиндиларни оқова сувларга улоқтириш ёки белгиланмаган жойларга ташлаш, барг-хазонларни ёқиш каби ҳолатларни олдини олишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Партия лойиҳаси доирасида ўтказилаётган бундай ҳашар тадбирларини ташкил этиш орқали маҳаллаларимизнинг обод бўлиши, кўчаларимизнинг тоза ва озода бўлишига хизмат қилади. Зероки тозалик соғлик гаровидир.
Маҳмуд ХОЛБОЕВ,
“Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
етакчи мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг