Тожик – ўзбек  - бир нуқтада туташган илдиз

16.06.2021 14:06:59

Тожик ва ўзбек халқларининг туб қардош халқ эканлиги болалигимизданоқ онгимизга сингиб кетган. Қариндош-уруғчилик алоқалари неча минг йилларга бориб тақалади. Бу икки халқнинг минтақада тинч-тотув яшаши, узвий ҳамкорлиги қанчалик мустаҳкам бўлса мамлакатларимиз янада ривож топади. Шу боис мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Тожикистон Республикасига қилган расмий ташрифи асносида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилаётганлигини яққол англаш мумкин.

Расмий ташриф доирасида икки мамлакат раҳбарларининг самимий дўстлиги акс этган лавҳалар менда катта таассурот уйғотди. Қизиқарли кечган учрашувнинг ҳар бир дақиқасини иштиёқ ва қизиқиш билан кузатдим. Тожик биродарларимизнинг ўзбек халқига эҳтироми юксаклигини уларнинг очиқ чеҳра, табассумлари-ю меҳмоннавозлигидан ҳис қилиш мумкин. Тарихий илдизларимиз бир нуқтага бориб тақаладиган макондаги туб ўзгаришлар, янгиланишлар, тожик халқининг меҳнатсеварлиги асосида бунёд бўлган осори атиқалар, ҳунармандчилик, деҳқончилик, боғдорчилик намуналари киши кўзини қувнатибгина қолмай, захматкаш халқига тасаннолар айтишга арзийди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари Ўзбекистон ва Тожикистон халқи олдида турган муҳим вазифадир. Ташриф доирасида имзоланган муҳим ҳужжат – қўшма баёнот мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юқори босқичга олиб чиқишига ишонаман.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+