Янгиликлар 2245
Трансплантация ўтказилган беморлар муаммосига депутат аралашди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги қарори асосида “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақида” Вақтинчалик низом тасдиқланди. Ушбу ҳужжат трансплантация бажаришга кўрсатма ва қарши кўрсатмаларни, донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.
Қарорда таъкидланганидек, трансплантация бажарилгандан сўнг донор ва реципиент учун камида 3 йил давомида профилактик диспансер кўриги ташкил этилади. Шунингдек, амбулатория назоратида булган беморлар тегишли дори воситалари билан таъминланади.
Ўзбекистонда буйраги алмаштирилган беморлар сони 600 нафардан ортиқ. Улар иммунитетни пасайтирувчи дори воситаларини мунтазам қабул қилишлари керак ва бу дорилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул таъминланади.
Аммо жорий йил август ойидан бошлаб беморларга таклиф этилаётган “Ролиграф” дори воситасини кўпчилик қабул қилишни истамай, ўрнига шу пайтгача қўлланилиб келинган “Панграф” дориси берилишини талаб қилишмоқда. Янги дорининг рад этилиши сабаби сифатида уни қабул қилган беморларнинг аҳволи оғирлашгани асос қилиб кўрсатилмоқда.
Бу масала ўйлантираётган бир гуруҳ беморлар ва уларнинг яқинлари “Адолат” социал-демократик партиясига мурожаат қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқаролар соғлиғини сақлаш қўмитаси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева фуқароларни қабул қилиб, дардларини тинглади. Парламентнинг қуйи палатаси биносига йиғилган депутат билан суҳбат асносида мурожаатчилар ўз истакларини билдирдилар.
Маъсуда Нурмуҳаммедова, беморнинг онаси:
- Қизимга 4 йил олдин отасининг буйраги кўчириб ўтказилди. Операцияни Ҳиндистонда қилдирдик ва шифокорлар доимий ичиб юришга дорилар буюрдилар. “Панграф” дориси давлат томонидан берилар, “Майфотик”ни ўзимиз сотиб олардик. Бу дорилар аптекаларда йўқ, интернет орқали Ҳиндистондан буюртма бериб, қимматга сотиб оламиз. Шу йил августдан бери Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул тарқатиладиган “Панграф” ўрнига “Ролиграф” бериладиган бўлди. Лекин мен ундан битта таблеткани ҳам қизимга ичирмадим. Чунки уни қабул қилгач, аҳволи оғирлашиб қолган беморлар ҳақида эшитиб, бундан қўрқдим. Биз трансплантация қилинган одамлар билан доимий алоқадамиз, улар орасида шу дорини ичиб, диализга тушиб қолганлар, қайталанганлар кўп. Ҳиндистондаги шифокорлар билан боғландик, “Ролиграф” дориси уларда рўйхатдан ўтмаганини айтишди. Ҳозирда олдин текин берилувчи “Панграф”ни ҳам ўз пулимизга сотиб оляпмиз. Баҳоси анча қиммат, устига устак кунига 7 та таблетка ичиш керак. Ўзбек шифокорлари “Панграф” ва “Ролиграф” бир хиллигини айтишмоқда ва ичишни тавсия қилишмоқда. Уни ичгач, ўзида ножўя таъсир сезмагач беморларни мисол қилиб кўрсатишмоқда. Аммо биздаги ички хавотир таваккал қилишга йўл қўймаяпти. Қизим каби беморлар янги дорини синаб кўришга тайёр эмас. Қайсидир беморга мос келгандир, аммо кўплаб беморлар ундан куйиб қолди-ку.
Маҳбуба Чориева, бемор:
- 2018 йили ўзимизда буйрагимни трансплантация қилишди. Аввало, бу имкониятдан миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Мен каби хорижда операция қилдиришга имконияти йўқларга юртимизда аъзо кўчириб ўтказишга руҳсат берилгани айни муддао бўлди. Операциядан сўнг “Програф” ва “Селсеф” дориларини бепул бериб туришди. Кейин орада узилиш бўлиб, сўнг “Ролиграф”га ўтилди. Мен бу дорини олишни рад этдим ва ўз пулимга “Програф”ни сотиб оладиган бўлдим. Чунки ҳар-хил гапларни эшитгач, шифокорлар билан маслаҳатлашганимда, улар бундай дорини билмасликларини айтишди. Бир неча марта Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилдим. Маълум бўлишича, бу тендерда ютган дори экан. 2020 йил май ойигача етадиган миқдорда сотиб олинибди. Бу олдинги дорилардан анча арзон бўлиб, шу йўл билан давлат бюджетини иқтисод қилишаётган экан. Лекин нега давлат бюджети биз каби – ўзга инсоннинг аъзоси билан яшаётган, икки йўл ўртасида турган инсонлар соғлиғи ҳисобидан иқтисод қилиниши керак? Бизнинг норозиликларимизга “Шунча одам дори қабул қилди, яхши юрибди-ку”, деб жавоб қайтаришмоқда. Лекин дори олганларнинг ҳаммаси ҳам уни ичгани йўқ, дорилар қути-қути бўлиб уйларида турибди, ичишга қўрқиб, ўзлари эски дорини қимматга сотиб олишмоқда.
Дилшод Мамадалев, бемор:
- Хиндистонда операция бўлганман. Ўша ерда шифокорлар тавсия қилган дориларни ичиб келяпман. Бошқа беморлар “Ролиграф”ни ичгач оғирлашиб қолганини эшитиб, у дорини рад қилдим. Хозир мутасаддилар “Ролиграф” олдинги дори билан бир хил, бунга кафолат берамиз”, деб айтишмоқда. Уни ичиб дарди зўрайган беморларнинг ҳолатини “Бунга дори эмас, бошқа сабаблар, масалан овқатдан заҳарланиш айбдор”, деб изоҳлашмоқда. Ваҳоланки биз ҳар бир қадамимизни шифокор билан маслаҳатлашиб босамиз. Ўзимизни асраб юришга, доимий парҳез қилишга мажбурмиз.
Улуғбек Қосимбеков, бемор:
- Гап шундаки, бу дорилар бир ой ёки бир йил эмас, бир умр ичилади. Нархи қиммат, бу борада давлатнинг кўмагига жудаям муҳтожмиз. Икки йил олдин Олматада трансплантация қилинганман. Менга буйрак кўчириб ўтказган шифокор “Панграф” буюрган ва ҳеч қачон доримни алмаштирмаслигимни тайинлаган. “Ролиграф”ни қабул қилмадим, чунки нефрологлар у ҳақида билмаяпти. Керакли дориларнинг ҳаммасини ўзим, Қозоғистон орқали сотиб олмоқдаман. Бу менга анча қимматга тушмоқда ва қийинчилик туғдирмоқда. Чунки божхонадан ўтказишда атиги 50 та таблекага рухсат берилган. Бу бизнинг ҳар кунги қабулимиз билан муқояса қилганда, анча кам.
Жаҳонгир Мухрушбоев, беморнинг куёви:
- Қайнотам 2016 йили Ҳиндистонда трансплантация қилинган, унга онасининг буйраги кўчириб ўтказилган. Августда янги алмаштирилган “Ролиграф”ни қабул қилди ва мазаси қочиб қолди. Ҳозир унинг аҳволи жуда оғир, қайта буйрак кўчириб ўтказишга эҳтиёжманд бўлиб қолди, аммо бунга етарли маблағимиз йўқ. Чунки унинг касали қайталангач, текширув ва муолажаларга кўп миқдорда маблағ сарфладик. Ҳинд ва рус шифокорларига охирги текширув натижаларини тақдим этганимда, улар икки хил хулоса тақдим этишди. Биринчиси, дори таъсири бўлса, иккинчиси эски касалнинг ҳуруж қилиши. Ўзбек шифокорлари эса аниқ ташхис қўймай, умумий гаплар билан чекланишмоқда. Ҳаёти қил устида турган қайнотам “Ролиграф”ни қабул қилганидан қаттиқ афсусда.
Моҳичеҳра Тўрахўжаева, бемор:
- 2015 йили Ҳиндистондан операция бўлиб қайтдим. Шундан бери менга давлат томонидан “Панграф” бепул берилар эди. Кейин “Ролиграф”га ўтказишди. Ушбу дорини бир ҳафта ичдим. Шу вақт ичида соғлиғимда салбий ўзгаришлар сездим: кўнглим айнади, ичим кетди, қорним оғриди. Дорини тўхтатиб, аввалги турини сотиб олдим. Шукрки, аҳволим яхшиланди, ҳозир ўзимни яхши хис қиляпман. Аммо дори харид қилишга моддий имкониятим танглик қиляпти. “Ролиграф” эмас, аввалгидек “Панграф”ни бепул беришса, хурсанд бўлардик.
Беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан кўтарилган муаммо юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий баёнот берди. Унда таъкидланишича, юртимизда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган ҳар бир дори воситасининг ҳар бир серияси сифат назоратидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошевнинг кўрсатма беришича, айни пайтда беморларимизга берилаётган “Ролиграф” дори воситасининг таркиби ва таъсир этувчи моддаси “Панграф” дори воситаси билан бир хил. “Панграф”, “Програф”, “Такролимус” дори воситалари суткасига икки марта қабул қилинган бўлса, “Адваграф” ва “Ролиграф” дори воситаларининг таъсири узайтирилган бўлиб, улар суткасига бир марта қабул қилинади. Фарқи шунда.
Депутат Муҳаррам Дадаходжаева томонидан мурожаатлар эшитилиб, оғзаки ва ёзма тарзда қабул қилинди. ҳамда депутат бу масалани ўрганишга киришди. Айни пайтда парламентнинг қуйи палатасида “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. М.Дадаходжаева мазкур қонун ижодкорлигида фуқароларнинг мурожаатида тилга олинган масалалар ўртага ташланишини билдирди.
Шунингдек, мазкур масала юзасидан мутасадди ташкилотларга сўров чиқаришни маълум қилди.
Дурдона АЛИМОВА
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати масъул ходими
Фикрингизни қолдиринг